«Евроучлик» ва АҚШ Эронни АЭХА инспекторларини қайтаришга чақирди
Эроннинг ядровий дастури фақат тинч мақсадда бўлишини таъминлаш учун ушбу давлат АЭХА билан тўлиқ ҳамкорлик қилиши керак. Бу ҳақда Германия, Буюк Британия, Франция ва Қўшма Штатлар баёнот берди.
Германия, Буюк Британия, Франция ва АҚШ Эронни Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг (АЭХА) бир неча инспекторлари аккредитациясини қайтариб олиш ҳақидаги қарорини «зудлик билан бекор қилишга» чақирди. Бу ҳақда Британия ҳукумати томонидан 18 сентябр, душанба куни чоп этилган тўртта давлатнинг қўшма баёнотида айтилади.
Ҳужжатда айтилишича, Ислом Республикаси «инспекторларнинг аккредитациясини қайтариб олиш қарорини зудлик билан бекор қилиши ва агентлик билан Эрон ядровий дастури фақат тинч характерга эга бўлишини таъминлаш учун тўлиқ ҳамкорликда бўлиши керак». Франция, Германия, Буюк Британия ва Қўшма Штатлар «АЭХАни ва бутун дунё хавфсизлиги боғлиқ бўлган халқаро текшириш режимини тўлиқ қўллаб-қувватлашда давом этади», дея таъкидлайди у.
Тўрт давлат Теҳронни «агентликнинг текшириш ва кузатиш соҳасидаги режалаштириш ишига қасддан путур етказишда» айблади. Таъкидланишича, АЭХАда ҳали ҳам «декларация қилинмаган ядровий материаллар ва Эронда амалга оширилган фаолиятлар бўйича жиддий, узоқ давом этган ва ҳал этилмаган саволлар» мавжуд бўлиб, уларга Ислом Республикаси «тўрт йилдан кўпроқ вақт давомида жавоб бермаган».
Эрон АЭХА инспекторларининг учдан бир қисми аккредитациясини бекор қилди
Теҳрон 16 сентябр куни АЭХАга мамлакатдаги бир неча агентлик инспекторларининг аккредитациясини бекор қилаётгани ҳақида маълум қилган. Умуман олганда, Эрондаги АЭХА инспекторларининг тахминан учдан бир қисми ишдан четлаштирилди, деди агентлик раҳбари Рафаэл Гросси. Аккредитацияси бекор қилинган экспертлар Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг (ЯҚТШ) кафолатлар тўғрисидаги битими доирасида текширув ўтказган. АЭХАнинг таъкидлашича, чақириб олинган барча ходимлар «бойитиш технологиялари соҳасида ноёб билимга эга» агентлик мутахассислари бўлган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги инспекторларнинг чиқариб юборилиши АҚШ, Франция, Германия ва Британиянинг «сиёсий суиистеъмолига» жавоб эканлигини билдирди. Умуман олганда, ОАВ хабарларига кўра, Франция ва Германиядан саккиз нафар инспектор аккредитациядан маҳрум қилинган.
Гросси, шунингдек, 18 сентябр куни Теҳронни қарорини қайта кўриб чиқишга чақириб, Эрон расмийларининг ҳамкорликдан бош тортиши жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган. «Агар улар АЭХА билан ҳамкорлик қилмаса, хоҳлаган нарсага эриша олмайди: улар кўрмоқчи бўлган кафолатлар, кўрмоқчи бўлган тасдиқлар, халқаро ҳамжамиятнинг маъқуллаши», деди Гросси AFP’га.
Мавзуга оид
10:05 / 16.11.2024
ЕИ Россия учун баллистика туфайли Эронга қарши санкциялар тайёрлади
20:37 / 15.11.2024
Исроил Эрондаги махфий ядро лабораториясини йўқ қилди — ОАВ
00:51 / 15.11.2024
Пизишкиён: Эрон ядро қуролини яратмайди
14:15 / 06.11.2024