Иқлим ўзгаришлари сабабли Ўзбекистонда аввалгидек мўътадил об-ҳаво ўрнига ёзда ҳам, қишда ҳам ноодатий об-ҳаво кузатиляпти. Ўтган қиш фаслида об-ҳавонинг кескин равишда совиб кетиши боис энергетика тизимига юкламалар анча ортди. Ортиқча босим оқибатида соҳа инфратузилмасига жиддий путур етди, трансформаторлар ва ўтказиш линиялари ёниб кетди, подстанциялар ишдан чиқди.
Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида республика миқёсида 748 та трансформатор алмаштирилган, 7 548 та трансформатор таъмирдан чиқарилган, 2 940 км ўтказиш линиялари янгиланган, 22 112 км электр узатиш тармоқлари таъмирланган, 1 257 та подстанция эса юқори технологик усулда қайта жиҳозланган.
Бу йил қишда ҳам энергетик инқироз бўладими?
Энергетика вазирлиги мутахассисларининг таъкидлашича, бу бир нечта объектив ҳамда субъектив ҳолатларга боғлиқ. Бироқ ўтган йилдагидек қиш бўлса ҳам, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида чуқур энергетик инқироз юз бермайди.
Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли барқарор ўсиб бормоқда. Масалан, сўнгги 5 йилда аҳолининг электр истеъмоли ҳажми 150 фоиз (яъни ўртача 1,5 баравар) – 11 миллиард kWh'дан 16 миллиард kWh'га, иқтисодиёт тармоқларининг истеъмоли эса жами 12 фоиз – 38 миллиард kWh'дан 43 миллиард kWh'га ўсди.
Бугунги кунда республикада электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати соатига 18,1 GW бўлгани ҳолда, амалда унинг 16,2 GW'дан фойдаланилмоқда, холос. Бунда иссиқлик электр станцияларининг мавжуд қуввати соатига 15,6 GW'ни, электр энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётгани эса соатига 13,8 GW'ни ташкил этади.
“Бу ҳолат анча эскириб қолган инфратузилмага ҳам юкламани кучайтирмоқда. Охирги қишдаги аномал совуқлар вақтида бу яққол юзага чиқди. Электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши оқибатида вужудга келган каттагина юклама 3 мингдан зиёд трансформаторларнинг ишдан чиқиши ҳамда кўплаб подстанциялардаги жиддий муаммоларга сабаб бўлди. Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун эса катта маблағ керак. Ҳисоб-китобларга кўра, электр тармоқларини янгилаш учун яқин 5 йилда 3,7 миллиард доллар керак бўлади”, дейилади Энергетика вазирлигининг Kun.uz’га тақдим қилган маълумотларида.
Тарифларни эркинлаштирмай, соҳага инвесторларни жалб қилиб бўлмайди
2026 йилга қадар умумий қуввати 740 MW бўлган яна 20 дан ортиқ гидроэлектрстанциялар қуриш, 2030 йилгача эса 130 минг километр электр тармоқлари ва 40 мингдан зиёд трансформаторларни янгилаш кўзда тутилмоқда. Амалга оширилиши режалаштирилган мазкур тадбирлар учун йирик молиявий ресурслар талаб қилинади. Электр энергетика тармоғининг зарар кўриб ишлаётгани эса бундай лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва ҳам хусусий, ҳам хорижий инвестицияларни жалб қилишни қийинлаштирмоқда.








