00:16 / 23.09.2023
7401

Италиянинг собиқ президенти Жоржио Наполитано вафот этди

99 ёшли сиёсатчи 10 йил давомида мамлакатни бошқарди.

Фото: ANSA

22 сентябр куни Италиянинг собиқ президенти Жоржио Наполитано 99 ёшида Римдаги Салватор Мунди клиникасида вафот этди. У 2006–2015 йилларда мамлакат президенти бўлган.

Жоржио Наполитано 1925 йил 29 июнда Неаполда туғилган. Неапол университетида ўқиётганда IX maggio фашистлар журнали билан ҳамкорлик қилган. 1944 йилда Неапол коммунистик ташкилоти билан алоқа ўрнатиб, 1945 йилда Италия Коммунистик партиясига аъзо бўлган ва турли лавозимларда ишлаган.

1953-1963 ва 1968-1992 йилларда Наполитано Италия парламенти қуйи палатасининг коммунистик фракциядан аъзоси, 1992-1994 йилларда «Сўл» фракциясининг Демократик партиясидан парламент аъзоси, 1994-1996 йилларда прогрессист-федералистлар фракциясидан аъзоси бўлган. 1992-1994 йилларда қуйи палата спикери лавозимида ишлаган.

1996-1998 йилларда Жоржио Наполитано Италия ички ишлар вазири бўлган. 2005 йилда Италия фахрий сенатори унвонини олган. 2006 йил май ойида Наполитано мамлакат президенти бўлди. 2013 йилда 87 ёшли Наполитано бу лавозимга қайта сайланди. 2015 йилда истеъфога чиққан эди.

Top