Жаҳон | 10:37 / 27.09.2023
3724
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби: ядровий хавф совуқ уруш давридан бери энг юқори даражага кўтарилди

Антониу Гутерриш тинч келажак гарови - ядровий таҳдидни бартараф этишда, деб ҳисоблайди.

Фото: Michael M. Santiago/Getty Images

Геосиёсий ишончсизлик ва рақобат ядровий хавфни совуқ урушдан бери кузатилмаган энг юқори даражага оширди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 26 сентябрда нишонланган Халқаро ядро қуролини бутунлай йўқ қилиш куни муносабати билан йўллаган мурожаатида айтиб ўтди.

БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, ядро қуролидан фойдаланиш, тарқатиш ва синовдан ўтказишнинг олдини олиш бўйича ўнлаб йиллар давомида катта қийинчилик билан эришилган ютуқлар энди орқага қайтарилмоқда.

«Ушбу муҳим кунда биз ядро қуролидан холи дунёга ва ундан фойдаланиш олиб келадиган ҳуманитар фалокатнинг олдини олишга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», деди бош котиб.

Бу, Гутерришнинг фикрича, ядро қуролига эга давлатлар қуролсизланиш бўйича ўз вазифасини бажариб, ҳеч қачон ҳеч қандай шароитда ядро қуролидан фойдаланмаслик мажбуриятини олиб, намуна кўрсатиши кераклигини англатади.

Бу шунингдек, деди у, ядровий қуролсизланиш ва тарқатмаслик режимини, жумладан, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ва Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома доирасида мустаҳкамлаб қўйишни ҳам билдиради.

Гутерриш Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани ҳали ратификация қилмаган барча давлатларни буни зудлик билан амалга оширишга, ядровий қуролга эга давлатларни эса барча ядровий синовларга мораторий жорий этишга чақирди.

«Ядровий хавфни бартараф этишнинг ягона йўли - ядровий қуролни йўқ қилиш», деб якунлади Антонио Гутеррес ўз мурожаатини. - Келинг, бу фалокат воситаси фақат тарих китобларида ўз ўрнини эгаллаши учун биргаликда ҳаракат қилайлик».

Мавзуга оид

Эълонлар