25 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев темирйўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилишда «Ўзбекистон темирйўллари»нинг носоҳавий активларини сотиш ёки бошқа тармоқларга ўтказиш, сотишдан тушган маблағларни темирйўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш вазифаси қўйилди. Эндиликда «ЎТЙ»нинг носоҳавий активларда иштироки қатъий тақиқланади.

Kun.uz «Ўзбекистон темирйўллари» эгалик қиладиган носоҳавий тадбиркорлик субъектлари билан қизиқиб кўрди.

Очиқ манбадаги маълумотларга кўра, «ЎТЙ» кўплаб корхоналарда улушдор. Улар орасида кўмир, плита ҳамда печка, қурилиш маҳсулотлари ва ҳатто йирик шохли қорамолларни кўпайтириш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам бор.

«Шарғун кўмир» АЖ

«Ўзбекистон темирйўллари» 2007 йилнинг 17 майида ташкил этилган, тошкўмир қазиб олиш билан шуғулланувчи «Шарғун кўмир» АЖнинг 51 фоиз улушига эгалик қилади.

Маълумот учун, 2017 йил ноябрь ойида узоқ йиллар «Ўзбекэнерго» таркибида бўлган «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖнинг акциялари пакети «Ўзбекистон темирйўллари»га топширилганди. 2020 йилда «Ўзбеккўмир» Қозоғистон компаниясига ишончли бошқарувга берилди.

«Эйвалек махсус темир бетон» МЧЖ

1995 йил 13 апрелда давлат рўйхатидан ўтказилган »Эйвалек махсус темир бетон» МЧЖнинг 100 фоизлик эгаси ҳам «Ўзбекистон темирйўллари» ҳисобланади. Фаолият тури бетондан қурилиш учун буюмлар ишлаб чиқариш бўлган корхонага Азиз Муратов раҳбарлик қилади.

«Угaм-Чотқол давлат биосфера резервати» унитар корхонаси

«Ўзбекистон темирйўллари» эгалик қилаётган навбатдаги муассаса – «Угaм-Чотқол давлат биосфера резервати». Мазкур қўриқхона ҳукуматнинг 2018 йилдаги қарори билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент туманлари ҳудудида ташкил этилган. Хусусан, «Шоввозсой» дам олиш маскани ҳам Угам-Чотқол миллий табиат боғи тасарруфида ҳисобланади.