DW хабарига кўра, Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси — ПАСЕ 30 сентябр куни Страсбургда шу мазмундаги резолюцияни қабул қилган.

Ҳужжатда Россияга қарши икки давлатлараро иш бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорлари асосида Украинага компенсация тўлаш учун музлатилган активлардан фойдаланишга чақирилган.

Ассамблея Европа Кенгаши шафелигида махсус молиялаштириш механизмини ташкил этишни тавсия қилмоқда. Россиянинг музлатилган активлари ушбу механизмга ўтказилиб, суд белгилайдиган товонларни тўлашга сарфланиши кўзда тутилган.

Гап қайси суд ишлари ҳақида бормоқда?

Резолюцияда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Украина ташаббуси билан кўриб чиқилган икки давлатлараро ишда Россияни инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши учун жавобгар деб топгани эслатилган.

Биринчи иш Россия аннексия қилган Қримдаги оккупацион маъмурият томонидан инсон ҳуқуқларининг бузилишига тааллуқли.

Иккинчиси — «Украина ва Нидерландия Россияга қарши» иши — Донбассда 2014 йилдан бошланган воқеалар, жумладан, MH17 рейсини бажараётган самолётнинг уриб туширилиши ҳамда 2022 йил 24 февралда бошланган кенг кўламли босқин билан боғлиқ.

Ҳужжатга кўра, суд ҳар икки ишда ҳуқуқбузарликларнинг хусусияти ва кўлами Европа Кенгаши тарихида мисли кўрилмаганини қайд этган. Россиянинг ҳаракатлари ташкилотнинг асосий қадриятлари ва халқаро ҳуқуқий тартиб асосларига зид деб баҳоланган.

«Ушбу икки давлатлараро иш бўйича адолатли товон миқдорини белгилаш масаласи ҳали ҳал этилмаган бўлса-да, Украинага етказилган зарар кўламини ҳисобга олганда, тайинланадиган суммалар миллиардлаб, ўнлаб миллиард ёки юзлаб миллиард еврога етиши мумкин», — дейилади резолюцияда.

ЕКПА депутатлари шу асосда Россиянинг музлатилган давлат активларини суд қарорлари бўйича компенсация тўлашга йўналтиришни халқаро ҳуқуққа мувофиқ «қонуний қарши чора» деб ҳисобламоқда.

Россиянинг бошқа ишлар бўйича қарзи ҳам бор

Резолюцияда айтилишича, Украинанинг давлатлараро даъволари бўйича компенсациялардан ташқари, Россиянинг суд қарорлари асосида тўлаши керак бўлган қарзи кечиктирилган тўловлар учун фоизлар билан бирга 3,3 млрд евродан ошган.