DW нашри Financial Times’га таяниб хабар беришича, режани АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер Майамида Украина ҳамда Европа давлатлари вакиллари билан ўтказилган яқиндаги учрашувда тақдим этган.
Таклиф Россиянинг музлатилган активларининг бир қисмини Вашингтон назоратидаги махсус молиявий тузилмага ўтказишни назарда тутган.
Газета суҳбатдошларининг айтишича, Европа вакиллари активлар устидан назоратни АҚШга беришга ҳам, музлатилган маблағларнинг бирор қисмини Россияга қайтаришга ҳам қарши чиққан.
Уиткофф ва Кушнернинг таклифи Украина расмийлари ва европалик дипломатларда Вашингтоннинг Россияга босим ўтказишга қаратилган ёндашуви юзасидан хавотир уйғотган.
FT маълумотига кўра, 2022 йил февралда Ғарб давлатлари Россиянинг қарийб 260 миллиард евролик давлат активларини музлатган. Уларнинг асосий қисми Европа Иттифоқида сақланмоқда.
ЕИ ҳозирча ушбу активларнинг ўзини Украинага бермаган. Киевга молиявий ёрдам кўрсатиш учун улардан олинаётган даромадлардан фойдаланилмоқда.
Жумладан, Украина «Катта еттилик» мамлакатларидан музлатилган активларнинг фоиз даромадлари билан таъминланган 45 миллиард евролик кредит олган.
Нашрнинг ёзишича, ЕИ раҳбарлари Россия уруш тугаганидан кейин репарация тўламаса, ушбу активлардан Украинани тиклашни молиялаштириш учун фойдаланишга ваъда берган.
FT манбалари Россия активларини музлатишдан чиқариш учун ЕИнинг барча аъзо давлатлари бир овоздан розилик бериши кераклигини таъкидлаган. Бу эса АҚШ вакиллари таклифини амалга оширишни қийинлаштиради.















