Жаҳон | 09:01 / 27.09.2023
5936
2 дақиқада ўқилади

Украина ракеталар ишлаб чиқариш қувватининг бир қисмини хорижга кўчирди

Украинанинг узоқ масофали ракеталари бир қисми хорижда ишлаб чиқарилмоқда, деди Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов. Унинг сўзларига кўра, кўчириш Россиянинг бундай ракеталарни йиғиш жойларидан бирига зарба бергани билан боғлиқ.

Фото: ТАСС

Украина узоқ масофали ракеталарини ишлаб чиқаришнинг бир қисмини мамлакат ташқарисига кўчирди. Бу россиялик ҳарбийлар бундай ракеталар йиғиладиган майдонлардан бирига зарба берганидан кейин содир бўлди, деди Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов 26 сентябр, сешанба куни Испаниянинг ABC газетасига берган интервюсида.

У Россия қайси объектга зарба бергани ва бу қачон содир бўлганига аниқлик киритмади. «Бу ёпиқ дастур ва унинг мақоми қандай эканини ҳеч ким сизга айтмайди. Мен сизга шуни айтишим мумкинки, афсуски, Россия бу ракеталар йиғилган жойга зарба берди. Ҳозир биз ишлаб чиқаришнинг маълум қисмини мамлакатимиздан ташқарига кўчирдик», - деди Данилов. 

Украинанинг узоқ масофали ракеталари 

Украинанинг узоқ масофали қуролларидан муваффақиятли фойдаланиш амалиёти ҳақида биринчи марта август ойининг охирида, Псков ҳарбий-фуқаролик аэропортига ҳужум қилинганида маълум бўлди. Украина президенти Володимир Зеленский Украина қуроли 700 км масофадаги нишонга зарба берганини эълон қилганди. Афтидан, нишон Псков аэропорти бўлган.

Ўша куни Данилов Facebook ижтимоий тармоғида номаълум ракета учирилгани акс этган видеони эълон қилди. «Украина президентининг ракета дастури амалда. Синовлар муваффақиятли ўтди, самарали қўлланди. «Севастопол кутмоқда, Камчатка кутмоқда, Кронштадт кутмоқда...» P.S. Жим ва қўшиқ куйлаётган Украина оқшоми», - дея Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби видеога изоҳ қолдирган. Худди шу видео Украинада ракета қурилмаларини ишлаб чиқарувчи етакчи «Луч» конструкторлик бюроси томонидан ҳам эълон қилинган. 

Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») раҳбари Кирилл Буданов Псков аэропортига Россия ҳудудидан учирилган учиш аппаратлари томонидан ҳужум қилинганини билдирган. 

Мавзуга оид