Агар барчаси режа бўйича кечса, SpaceX шу ҳафта космонавтика тарихига киради. Компания ўтган дам олиш кунлари Starship ракетасининг 15-синов парвозини жума, 13 ноябрь кунига мўлжаллаётганини маълум қилди. Парвоз давомида транспорт тизимининг биринчи ва иккинчи босқичларини тутиб олишга уриниш режалаштирилган.

«Режага кўра, бўлажак парвоз Starship ҳам, Super Heavy ҳам тутиб олиниши учун учириш майдончасига қайтадиган биринчи парвоз бўлади, — дея маълум қилди SpaceX мутахассислари. — Муваффақиятга эришилса, бу орбитал учириш тизимининг илк бор тўлиқ қайтарилишини англатади ва Starship’ни ишончли, қисқа вақт ичида қайта учиришга тайёрлаш мумкин бўлган кўп марталик ракетага айлантириш йўлида улкан ютуқ бўлади».

Super Heavy — Starship тизимининг биринчи босқичи. Starship, қисқача Ship эса унинг юқори босқичи, яъни космик кемадир. SpaceX миссия тавсифида таъкидлаганидек, ҳар икки қисм ҳам тўлиқ қайта фойдаланиш ва қисқа вақт ичида навбатдаги парвозга тайёрлашга мўлжаллаб лойиҳалаштирилган.

Шу пайтгача SpaceX Starship парвозлари давомида Super Heavy’ни уч марта тутиб олган, бироқ Ship кемаси билан бундай манёврни ҳеч қачон синаб кўрмаган. Бу анча мураккаб вазифа: Ship Super Heavy’дан баландроқ ва узоқроққа учади. Шунинг учун унинг Ерга қайтиши мураккаброқ ва энергетик жиҳатдан оғирроқ кечади.

SpaceX асосчиси ва бош директори Илон Маск 15-синовда ҳар икки босқични тутиб олишга уриниш бўлиши мумкинлигини аввал ҳам айтган эди. Бироқ яқинда эълон қилинган миссия тавсифида учириш санаси ва парвоз тафсилотлари ҳам очиқланган.

15-синов парвози «Юлдузли база»дан жума, 13 ноябр куни АҚШ шарқий вақти билан соат 17:45 да бошланадиган 75 дақиқалик учириш оралиғида амалга оширилиши керак. Бу Москва вақти билан 2026 йил 14 ноябр соат 01:45, Тошкент вақти билан эса 14 ноябр соат 03:45 га тўғри келади.

Агар барчаси режа бўйича кечса, Super Heavy стартдан тахминан 6,5 дақиқа ўтгач, хизмат кўрсатиш минораси уни тутиб олиши учун «Юлдузли база»га қайтади. Ship эса анча узоқроқ парвозда қолади.

Юқори босқич орбитага чиқади — Starship бунга илк бор 28 сентябрдаги 14-синов парвозида эришган. Ўша сафарги каби, Ship SpaceX’нинг янги авлод Starlink V3 сунъий йўлдошларидан 26 тасини орбитага жойлаштиради. Маскнинг сўзларига кўра, улар келажакда тахминан 100 000 та аппаратни қамраб оладиган янги улкан сунъий йўлдошлар гуруҳининг дастлабки қисми бўлади.

Бироқ бу сафар Ship 14-парвоздагига қараганда анча узоқ парвоз қилиши керак. Ўша парвоз стартдан тахминан уч соат ўтиб, Тинч океанининг шимолий қисмида сувга қўниш билан якунланган эди.