Спорт | 15:36 / 28.09.2023
27022
12 дақиқада ўқилади

«Сити»да илк мағлубият, Испанияда сенсация жамоа пешқадам. Кун ўйинлари якунлари

Ҳафта ўртасида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар.

Англия: «Челси»да ҳаёт аломатлари

«Нюкасл» – «Манчестер Сити» 1:0
Гол:
1:0 – 53 Исак.
Нюкасл – Поуп, Ливраменто, Дамметт (Шер, 90), Ласселс, Таргетт, Тонали (Андерсон, 90), Майли (Бруно Гимараэс, 46), Ҳолл (Гордон, 46), Мерфи, Жоэлинтон, Исак (Алмирон, 62).
Манчестер Сити – Ортега, Аке (Матеуш Нунеш, 68), Аканжи, Гвардиол, Люис, Серхио Гомес, Ковачич (Доку, 68), Грилиш, Филлипс, Бобб, Алварес (Фоден, 73).

Англия лигаси кубогининг учинчи раунди доирасидаги марказий ўйинда АПЛда мағлубиятсиз серия қайд этаётган «Манчестер Сити» таслим этилди ва буни тасодифий натижа деб бўлмайди. Биринчи бўлимда тўпга эгалик қилиш бўйича 70 фоизлик кўрсаткич қайд этган «шаҳарликлар» бундан наф чиқара олишмади ва дарвоза соҳаси томон фақат бир марта аниқ зарба йўллашди. «Нюкасл» ҳам биргина зарба билан чекланган, аммо бу яққол голли вазият эди. Жоэлинтон Мёрфини жуда қулай вазиятга чиқарганди, аммо Ортега оёқлари билан тўпни тўсиб, меҳмонларни қутқариб қолди. «Қарғалар» танаффусдан кейин барибир ўз голини уришди. Жоэлинтоннинг бу сафарги саъй-ҳаракатларидан кейин тўп бўш бурчак қаршисида турган Исакка бориб тушди ва ундан шунчаки тўпга тегиниб қўйиш талаб этиларди.

«Брентфорд» – «Арсенал» 0:1
Гол:
0:1 – 8 Нелсон.
Брентфорд – Флеккен, Роэрслев (Годдос, 63), Йоргенсен (Айер, 82), Пиннок, Коллинз, Ҳики (Олакигбе, 79), Нергор (Йенсен, 63), Янелт, Онека (Люис-Поттер, 79), Висса, Мбемо.
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт (Зинченко, 69), Томиясу, Габриэл, Кивер, Жоржино, Ҳавертц, Смит-Роу (Эдегор, 82), Нелсон (Ал-Ненни, 82), Нкетиа (Суареш, 87), Саго (Габриэл Жезус, 68).

«Ливерпул» – «Лестер» 3:1
Голлар:
0:1 – 3 Макатир, 1:1 – 48 Гакпо, 2:1 – 70 Собослаи, 3:1 – 89 Диогу Жота.
Ливерпул – Келлеҳер, Конате, Куанса, Симикас (Чемберс, 90), Эндо, Гравенберҳ (Нунес, 65), Эллиотт, Жонс (Байчетич, 79), Диогу Жота, Гакпо, Доук (Собослаи, 65).
Лестер – Столярчик, Рикарду Перейра, Коуди, Суттар, Жастин, Чоудури, Казадеи (Ндиди, 57), Олбрайтон (Фатау, 64), Макатир, Акгюн (Дюзбери-Ҳолл, 65), Иҳеаначо (Дака, 64).

«Челси» – «Брайтон» 1:0
Гол:
1:0 – 50 Жексон.
Челси – Санчес, Кукуреля, Дисаси, Колуилл, Чилуэлл, Матсен (Галлаҳер, 75), Мудрик (Стерлинг, 68), Палмер (Фернандес, 75), Кайседо, Угочукву, Жексон (Броя, 87).
Брайтон – Вербрюгген, Лэмпти, Игор Жулио, ван Хекке, Эступинян, Дауд (Хиншелвуд, 70), Митома (Уэлбек, 64), Буонанотте (Лаллана, 78), Балеба (Гилмор, 64), Фати (Марч, 46), Жоао Педро.

Яна икки топ-клуб кутилган ғалабага эришди. «Арсенал»га Нелсоннинг тезкор голи етарли бўлди. «Ливерпул» эса чемпионшипга тушиб кетган «Лестер»дан тезкор гол ўтказиб юборди. Аммо қизиллар иккинчи бўлимда рақиб мудофаасини енгиб ўтди ва учта гол урди. Бу кутилган натижалар эди, инқироздаги «Челси»нинг натижаси эса алоҳида ажралиб турди.

Ансу Фати бошланғич таркибда тушган «Брайтон» билан ўйиндаги ғалаба — кўклар учун бурилиш нуқтасига айланадими? Ҳа, бу ҳали Лига кубоги, аммо ҳозирги ҳолатда лондонликлар учун ҳар қандай ютуқ муҳим. Иккинчи бўлимда ғалаба голини урган Жексон кузги қурғоқчиликка барҳам берди — «Челси» футболчилари охирги бор 30 август куни гол уришганди. Ўша гол ҳам Англиядаги учинчи даражали турнирда урилганди.

«МЮ» – «Кристал Пэлас» 3:0
Голлар:
1:0 – 21 Гарначо, 2:0 – 27 Каземиро, 3:0 – 55 Марсиял.
Манчестер Юнайтед – Онана, Диогу Далот, Варан (Эванс, 61), Магуайр, Амрабат (Гор, 61), Каземиро, Маунт (Линделёф, 46), Пелистри, Межбри (ван де Бек, 71), Гарначо, Марсиял (Ҳойлунд, 75).
Кристал Пэлас – Ҳендерсон (Жонстон, 19), Клайн, Ҳолдинг, Ричардс, Митчелл, Шлупп (Эзе, 60), Ридевалд (Озо, 80), Дукуре (Хюз, 60), Рак-Саки (Геҳи, 46), Айю, Матета.

«МЮ» ҳам бу турнирдан АПЛдаги муваффақиятсизларни ёпиш учун фойдаланмоқда. Эрик тен Ҳаг шогирдлари оддий бўлмаган рақибга қарши ўйинда ишончли ғалабага эришиб, кейинги босқичга ўтишди. Натижа амалда биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди ва голлар ўзини кўрсатиши талаб этилган футболчилар томонидан урилди. Биринчи гол муаллифи Гарначо 13 майдан буён илк бор рақиб дарвозасини ишғол этди, Маунтнинг бурчакдан Каземиронинг бошига узатмаси эса ёзда «Челси»дан Манчестерга келган футболчи учун янги клубидаги илк самарали ҳаракат бўлди. Учинчи гол муаллифи Марсиялни ҳам шу тоифага қўшса бўлади.

Лига кубогининг кейинги босқичи учун қуръа натижалари:

Испания: «Барселона» яна ирода кўрсатди

«Маллорка» – «Барселона» 2:2
Голлар:
1:0 – 8 Мурики, 1:1 – 41 Рафиня, 2:1 – 45 Пратс, 2:2 – 75 Лопес.
Малорка – Райкович, Гонсалес (ван дер Ҳейден, 85), Настасич, Вальент, Копете, Маффео (Коста, 35), Дани Родригес (Морланес, 85), Санчес (Ларин, 62), Саму Кошта, Пратс (Дардер, 62), Мурики.
Барселона – тер Стеген, Жоау Канселу, Мартинес (Кунде, 78), Араухо, Балде, Гундўған, Ромеу (Лопес, 64), Гави, Рафиня, Жоау Феликс (Ямал, 64), Ферран Торрес (Левандовски, 58).

Сешанба оқшомида ўз мураббийлик фаолиятидаги 200-ўйинини ўтказган Хави бу мавсумда таркибни мунтазам ротация қилиши ва бу ҳатто энг асосий футболчиларга ҳам тааллуқли бўлишини ваъда қилганди. «Маллорка»га қарши ўйинда марказий ҳимоячилар жуфтлиги алмаштирилди ва ла лиганинг энг яхши тўпурарларидан бири бўлиб турган Левандовски захира ўриндиғида қолдирилди.

Аммо биринчи бўлим поляк ҳужумчисисиз вазифани уддалаб бўлмаслигини кўрсатди, у ўтган турда «Селта»га қарши ўйинда камбэк (3:2) амалга ошишида асосий ишларни бажарганди. Бу ўйинда кўк-анорранглилар яна бир бор ўзига муаммо ўйлаб топишди, Тер Штегеннинг эҳтиёткорсизлик билан берган паси якунда Муриқи ижросидаги голга олиб келди.

Танаффус арафасида рўй бериши кутилган бурилиш амалга ошмади. Рафиня жарима зарбасини голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирганди, аммо у иккинчи имкониятдан фойдалана олмади, ҳимоячилардан қочиб кетган бразилиялик футболчининг зарбаси бироз юқоридан ўтиб кетди. Мезбонлар дарвозабони Райкович ҳам бўлим охирида қаҳрамонлик кўрсатди. Ушбу сербиялик аввалига Жоау Феликснинг пастки бурчакка йўллаган мураккаб зарбасини қайтарди. Кейин эса у тўпни олдинга ташлаб берганида, Муриқи бош билан олдинга пас берди, жарима майдони ичига кириб борган Пратс Араухо билан тўп учун курашда устун келди ва тўпни Тер Штегеннинг ёнидан ўтказиб дарвоза тўрига йўллади.

Хавиер Агирре шогирдлари бу вақтгача 11 йилдан буён ўз уйидаги ўйинларда «Барса» дарвозасини ишғол эта олмаётганди. Амалдаги чемпионлар эса етти тур ичида саккиз гол ўтказиб юборишга улгурди. Ҳолбуки каталонияликларда бунча гол фақат 25 ўйиндан кейингина ўтказилганди.

Иккинчи бўлимда Феликснинг яна бир зарбаси устунга тегди. Ямал майдонга тушиши билан пеналти ишлади, аммо бош ҳакам видеотакрордан кейин қарорини бекор қилди. Ёш футболчи тушкунликка тушмади ва барибир иккинчи голни ташкиллаштирди. Унинг қанотдан жарима майдонига ёриб кирган Рафиняга узатган кесиб ўтувчи паси идеал даражада эди, Левандовски эса тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юбориб, ўзидан қулайроқ вазиятда турган Фермин Лопес дарвозани осонлик билан ишғол этишини таъминлади. Аммо «Барса»да яна бир иродали ғалаба учун куч етишмади, қолаверса, «Маллорка» шу куни ўзи учун энг ноқулай рақибга қарши 12 ўйиндан иборат мағлубиятли сериясига барҳам беришга лойиқ ўйнади. Ушбу жамоа ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо ҳакам қўшиб берган дақиқаларда яхши ҳужум Лариннинг хатоси туфайли барбод бўлди.

«Реал» – «Лас-Палмас» 2:0
Голлар:
1:0 – 45 Браим Диас, 2:0 – 54 Ҳоселу.
Реал  – Аррисабалага, Начо, Алаба (Васкес, 41), Рюдигер, Менди (Фран Гарсия, 77), Валверде, Браим Диас (Себалос, 57), Тчуамени, Камавинга (Кроос, 77), Родриго, Ҳоселу (Винисиус Жуниор, 57).
Лас-Палмас – Валес, Араухо, Курбело, Коко, Синкгравен (Кардона, 46), Виера (Перроне, 77), Хави Мунос (Луаодис, 77), Мфулу (Родригес, 46), Мунир, Каба (Марвин, 57), Эррера.

Ўтган турда Мадрид дербисида мағлуб бўлган Карло Анчелотти жамоаси эса «Лас-Палмас»га қарши ўйинда ўз мақсадига эришди, «Сантяго Бернабеу»да жамоанинг ёздаги харидлари, аниқроғи «Қироллик клуби»га қайтиб келган футболчилар гол уришди.

Ўйинда ҳисобни очган Браим Диас «Реал» сафида беш йил ичида илк бор бошланғич таркибда туширилганини оқлади. Ўтган сафар унда бундай имконият бўлганида жамоага Зидан устозлик қиларди. Ҳоселу эса уй учрашувларида самарали бўлмоқда — у жорий мавсумдаги тўрт уй ўйинида тўрт гол урган. У бу билан ўзига хос натижа қайд этди — шу вақтгача жамоада ҳеч кимда бундай кўрсаткич бўлмаган.

Вилярреал – Жирона 1:2
Голлар:
1:0 – 49, пеналти Парехо, 1:1 – 56 Довбик, 1:2 – 61 Эрик Гарсия.

Эртак давом этади. «Жирона» – Ла Лиганинг янги етакчиси. 

Бу сафар «Вилярреал» Мичел жамоаси қурбони бўлди – меҳмонлар ўйин бўйича ҳам устунлик қилиб 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди: «Жирона» 90 дақиқа давомида 10 та голли вазият яратди, мезбонлар иккита вазият билан жавоб қайтара олди. Зарбалар бўйича 14-9. Ўйиндаги ҳал қилувчи голни «Барса» фанатларига яхши таниш бўлган футболчи – Эрик Гарсия урди.

«Жирона» рақобатчиларнинг йўқотишлари ёрдам берди: «Реал» бу турда «Лас-Палмас»ни енгган бўлса-да, олдинги турда «Атлетико»га ютқазганди; «Барса» кутилмаганда «Маллорка» билан дуранг ўйнади. «Атлетико» эса иккита кам ўйин ўтказгани туфайли ҳали узоқда.

«Жирона» 93 йиллик тарихида илк бор чемпионатда пешқадам бўлиб олди. Бу жамоа 2016/17 йиллар мавсумига қадар ҳеч қачон Ла Лигага ҳам чиқмаганди, ўтган мавсумда эса еврокубокларга йўлланма олишига бир бахя қолганди.

«Барса» ва «Жирона» – Ла Лигада мағлубиятга учрамаган икки жамоа бўлиб қолмоқда. Бу икки жамоа 18 тадан гол урган – бу лигадаги энг яхши кўрсаткич. «Жирона» Мадрид жамоасини 1 очкога ортда қолдирилмоқда. Кейинги турда ушбу икки жамоа «Монтиливи»да ўзаро учрашув ўтказади.

Кун статистикаси

  • «Атлетик» яримҳимоячиси Сансет жорий мавсумда топ-5 лигаларда иккита қизил карточка кўрсатилган 1-футболчи бўлди.
  • «Жирона» Испанияда ҳеч қачон чемпион бўлмаган, аммо стартдаги 7 турда 19 очко жамғаришга эришган 4-жамоа бўлди. Бунгача бундай старт «Эспанол» (1932 ва 1952 йилларда) ҳамда «Спортинг» Хихон (1979 йил) клублари томонидан қайд этилган.
  • ПСВ ҳужумчиси Люк де Йонг Нидерландия чемпионатидаги голлари сонини 155 тага етказди. У Ҳунтеларни ортда қолдирган ҳолда турнирнинг XXI асрдаги энг яхши тўпурарига айланди.
  • 574 дақиқа — ўтган мавсум охиридан буён — «Эмполи» А Серияда гол ура олмаяпти.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид