Жорий йилнинг 8 ойлик даврида ўтказилган 29 минг 98 та тендер савдолари таҳлил қилинди. Қайд этилишича, буюртмачилар томонидан 8964 та савдолар жараёнида 12 минг 826 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Қонунбузилишларининг 72,7 фоизи савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш билан боғлиқ бўлса, 27,3 фоизида тил бириктириш орқали келишиб олинган, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар аломатлари кузатилган.

Хусусан, қўмита томонидан қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган қуйидаги мисоллар келтириб ўтилган:

●     Россия экспорт-импорт банкининг кредитлари ҳисобидан «Тошкент метрополитени» ДУК бошланғич қиймати 8,2 млн долларга тенг бўлган микропроцессор ускуналарини харид қилиш учун ўтказган тендер ҳужжатларига асоссиз равишда рақобатни чеклашга олиб келадиган талаблар киритган.

●     «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» УК томонидан бошланғич қиймати 4,8 млн долларга тенг бўлган телекоммуникация тармоқларининг автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратиш бўйича ўтказилган танлов савдоларида буюртмачи томонидан айрим иштирокчиларга танловда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берилгани аниқланган. Бунда иштирокчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар буюртмачининг талабларига мос келмаса-да, ғолиб деб эътироф этилган. Танлов натижасида қабул қилинган қарор ва шартнома бекор қилиниб, тендер савдолари такроран ўтказилган.

●     Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бошланғич қиймати 23,6 млрд сўм бўлган «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида физиотерапия хизматини тиклаш учун тиббий асбоб-ускуналарни харид қилиш» бўйича ўтказилган тендерда буюртмачи томонидан белгиланган давлат хариди шартларида иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари, уларнинг нисбий қиймати, баҳолаш тартиб-таомиллари доирасидаги қоида бузилгани аниқланган

●     Андижон вилояти ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси бошланғич қиймати 8,5 млрд сўм бўлган тендер ўтказган. Балиқчи тумани «Дўстлик» МФЙдаги 9-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернат биносини мукаммал таъмирлаш бўйича 2021 йилда ўтказилган тендерда буюртмачи ва харид комиссия томонидан ғолиб талабгордан юқори балл олган 3 та иштирокчи асоссиз тендердан четлатиб юборилгани аниқланган ва бу бўйича Бош прокуратурага маълумот киритилган.

●     «Алоқабанк» АТ томонидан бошланғич қиймати 1,2 млрд сўмга банкка тегишли асосий воситаларни суғурталаш ва баҳолаш бўйича ўтказилган 2 та танлов савдоларида буюртмачи ва иштирокчи ўртасида олдиндан келишиб олганлик аломатлари аниқланган.