The New York Times газетаси (1 ва 2) украин армияси учун 2024-2025 йилларда амалга оширилган давлат харидлари аудити натижаларини қўлга киритди. Мудофаа харидлари агентлиги фаолияти давлат аудит хизмати ва Украина мудофаа вазирлигининг ички аудит бўлими томонидан текширилган. Бунгача текширув натижалари эълон қилинмаганди. Маълум бўлишича, 2024 йилнинг ўзида Украина фирибгарлик, исрофгарчилик ва мудофаа харидларидаги самарасиз бошқарув туфайли 1,2 миллиард долларга яқин маблағ йўқотган. Қуйида журналистлар бу ҳужжатлардан яна нималарни билиб олгани ҳақида.

  • Текширув ҳужжатларига кўра, Украина ҳукумати харидлар пайтида хавотирли сигналларни эътиборсиз қолдирмоқда. Нархларни оширадиган ёки етказиб бериш мажбуриятларини бажармайдиган пудратчи учун камдан кам ҳолларда оқибатлар юзага келади.

  • Компаниялар қурол етказиб беришга қодирлигини исботламасдан шартномалар олишган. Баъзи ҳолларда пудратчида бундай етказиб бериш учун лицензия ҳам бўлмаган.

  • Украинанинг энг йирик ўнта ҳарбий пудратчисидан 7 таси фирибгарлик, олдинги келишувларни бажармаслик ёки раҳбарлари коррупция учун ҳибсга олингани бўйича жиноий ишлар очилганига қарамай, янги буюртмалар олган.

  • Масалан, 2024 йилда Павлоград кимё заводи ҳарбийларга яроқсиз ҳолатдаги минглаб артиллерия миналари етказиб берган. Унинг раҳбари Леонид Шиман коррупция бўйича ишда фигурантга айланганидан кейин ҳам мудофаа харидлари бўйича агентлик ушбу корхона билан юз миллионлаб доллар миқдоридаги шартномаларни тузишда давом этган.

  • Аудиторлар Украина ҳукумати олдинги шартномалар бажарилмаганига қарамай, янги келишувлар тузган 18 та компанияни аниқлаган. Бу компаниялардан олтитаси умуман бирорта шартномани бажармаган.

  • Компаниялардан бири ваъда қилинган 600 та махсус дрондан бирортасини етказиб бермаган, кейин эса яна 1950 та дрон етказиб бериш бўйича янги шартном олган. Компания шундан фақат 50 тасини ўз муддатида етказиб берган.

  • Қулайроқ таклифлар рад этилгани ва қимматроқ нархлардаги таклифлар қабул қилингани туфайли 126 миллион долларга яқин маблағ йўқотилган. Шартномалар етарли ҳуқуқий асосларсиз тузилган. Бир ҳолатда компаниялар барбод бўлган битим бўйича камида 100 миллион долларлик аванс тўловлари тақдири бўйича ҳамон баҳслашмоқда.