Тошкент шаҳри чеккасида, Нурафшон шаҳрига элтувчи йўлдаги янги йўл ўтказгич расман фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда 13 октябр куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Вазирлик хабарида йўл ўтказгич лойиҳасининг қиймати 280,8 млрд сўмни ташкил этгани айтилади. Июл ойида объектни давлат раҳбари бориб кўрганида лойиҳа қиймати 240 млрд сўм экани айтилганди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, лойиҳа доирасида:

  • 66 метр узунликдаги ва 46 метр кенгликдаги йўл ўтказгич;

  • 450 метр узунликдаги ер ости автомобил йўли;

  • 950 метр узунликдаги айлана ҳалқа йўли;

  • 2 та ортга қайрилиб олиш жойи;

  • 4 та ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги қурилди.

“Натижада кунига қарийб 130 мингта автотранспорт воситасининг узлуксиз ҳаракатланиши таъминланиб, 150 минг нафар аҳоли учун хавфсиз ва қулай транспорт инфратузилмаси яратилди”, – дейилади ИМВ ахборотида.