Испания: «Реал» «Жирона»нинг жойини кўрсатиб қўйди

«Жирона» – «Реал» 0:3
Голлар: 0:1 – 17 Хоселу, 0:2 – 21 Тчуамени, 0:3 – 71 Беллингҳем.
Жирона – Гассанига, Ян Коуто, Блинд, Эрик Гарсия, Мигел Гутеррес, Давид Лопес (Порту, 60), Алеиш Гарсия, Эррера, Циганков (Фернандес, 46), Довбик (Стуани, 60), Савио (Торре, 79).
Реал – Аррисабалага, Карвахал, Начо, Рюдигер, Камавинга, Кроос, Валверде, Тчуамени, Беллингҳем (Себаллос, 74), Винисиус Жуниор (Родриго, 68), Хоселу.
Огоҳлантиришлар: Эрик Гарсия (64), Аррисабалага (84), Рюдигер (90), Стуани (90).
Четлатиш: Начо (90).

«Жирона»нинг сенсацион старти Каталониянинг ушбу жамоасининг «Реал»га қарши ўйинини турнинг асосий тўқнашувига айлантирди. Қолаверса, баҳордаги ўйинни кўпчилик ёддан чиқармаган, ўшанда оқ-қоралар жамоаси Кастеляноснинг покери билан (4:2) ҳамюртлари «Барселона»га чемпионлик пойгасида ёрдам бериб юборганди. Фақат бир марта панд еган мадридликлар бундан тўғри хулоса чиқаришган. Бу сафар жироналиклар меҳмонларни ўйин бошидаги дадил ҳаракатлари билан ҳам, бош мураббий Мичелнинг тактик янгиликлари билан ҳам ҳайрон қолдира олмади.

Илк хавфли вазият — ва Беллингҳем «шведка» билан (товонининг ташқи қисми) тўпни Хоселуга қулай қилиб ташлаб берди. Кроос бурчакдан тўп узатди — ва Тшуамени ниҳоят «Реал» сафидаги 59-ўйинида илк голини нишонлади. Икки зарбада икки гол — буни маҳорат деса бўлади. Беллингҳем эса ҳисобни йирик кўринишга келтириши мумкин эди, аммо унинг яккама-якка вазиятга чиқиб бориб берган зарбасини дарвозабон тўса олди. Аммо англиялик футболчи иккинчи бўлимда барибир Гассанигани иложсиз аҳволда қолдирди. «Барса»га бу сафар ёрдам келмади ва бир кун турнир жадвали пешқадами бўлиб турган яна иккинчи ўринга қайтди. Дербидаги мағлубиятдан кейин икки ўйинда ғалаба қозонган Мадрид жамоаси биринчи ўринга кўтарилди.

Аммо ўйин якунида Начонинг фоли «Реал» мухлисларини ранжитди. У қўшимча дақиқаларда қарши ҳужумга чиқиб кетаётган Портунинг оёғига ташланиб, унга жароҳат етказди ва кичик жанжал ҳам келтириб чиқарди. Ҳимоячи рақиб ҳужумчиси Стуанига нимадир деди ва Рюдигер вазиятга аралашиб сариқ карточка олди. Анчелотти эса жамоасининг учинчи голини ўзига хос бўлмаган кўтаринкилик билан нишонлади. Чунки бу унинг фаолиятида «Жирона» билан ўйинлардаги илк ғалаба бўлди. Энди италиялик мутахассис ла лигада ўзи қарши ўйнаган барча 27 жамоа устидан камида бир марта ғалаба қозонган.