Жаҳон | 13:38 / 05.10.2023
6927
2 дақиқада ўқилади

Украинада тинчликка эришиш бўйича учинчи саммит Туркияда ўтказилади

Украина бўйича тинчлик саммити октябр ойи охирида Истанбулда бўлиб ўтади, деб ёзади Bloomberg. Аввалроқ Саудия Арабистони ва Данияда шунга ўхшаш учрашувлар  бўлиб ўтганди.

Фото: Kun.uz

Туркия Украина масаласи бўйича учинчи тинчлик саммитини ўтказишни режалаштирмоқда. Бундай форматдаги учрашув аввалроқ Дания ва Саудия Арабистонида бўлиб ўтганди, деб хабар бермоқда Bloomberg манбаларга таяниб, 5 октябр, пайшанба куни. 

Учрашув октябр ойи охирида Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган. Иштирокчилар «Украинада барқарор тинчликка эришиш йўлларини» муҳокама қилади, деб ёзади Bloomberg. Агентлик маълумотларига кўра, саммитда «чекланган миқдордаги амалдорлар», жумладан, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам иштирок этади. Иттифоқчилар йиғилишда Хитой вакили ҳам иштирок этишига умид қилмоқда, аммо ҳозирча қатъий келишув йўқ. 

Учрашувга Россия вакиллари таклиф этилмаган, у аввалроқ бундай саммитларни «ноқонуний» деб атаганди, деб таъкидлайди Bloomberg. 

Саммит кун тартибида Украина учун тинчлик режаси бор 

Украина ва ғарб расмийлари Россия ҳарбий ҳаракатларига нисбатан асосан нейтрал позицияни эгаллаган Бразилия ва Ҳиндистон каби давлатлар раҳбариятини Москва сиёсатига қарши чиқишга кўндиришга ҳаракат қилади, деб ёзади Bloomberg. Иттифоқчилар саммитни Украинага ўз позициясини тўғридан тўғри бу давлатларга тушунтириш учун имконият сифатида кўрмоқда. 

Туркиядаги саммитнинг кун тартибида Володимир Зеленскийнинг тинчлик режаси ва президентнинг шу йил охирида ушбу таклифлар бўйича глобал саммит ўтказиш нияти бор. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид