Бугун дунёнинг йирик ва қудратли давлатлари ҳар йили ҳарбий харажатлар учун юз миллиардлаб доллар маблағ сарфламоқда. Агар уларнинг ҳарбий техникалари рўйхатига қаралса, радарга кўринмайдиган самолётлардан тортиб, йирик авиаташувчи кемаларгача бор.

Улар орасида ҳарбий харажатлар учун эг кўп маблағ сарфлайдиган АҚШ алоҳида ажралиб туради.

Бу давлат кўплаб сўнгги русумдаги F-35 ҳарбий самолётлари билан бирга йигирмадан ошиқ йирик авиаташувчи кемага ҳам эгалик қилади. Бундай кемаларнинг ҳар бирига 100 га яқин ҳарбий самолётлар жойлашади.

Бундан бир неча кун олдин Фаластиннинг Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ва Исроил ўртасида навбатдаги қуролли можаро бошланди. Бу сафар ҳужумни араблар бошлади ва аксарият давлатлар ташкилотнинг бу ишини қоралаб чиқишди. Дунё мусулмонлари эса Исроил фаластинликлардан қаттиқ ўч олади деб хавотирга тушди.

Шундай вазиятда Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ дарҳол Ўрта Ер денгизида, Исроил қирғоқлари яқинида «Жералд Форд» авиаташувчи кемасини юборди.

АҚШнинг бу иши бир қанча мамлакат раҳбарлари томонидан танқид остига олинди. Жумладан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ авиаташувчиси фаластинликларни қиришда Исроилга ёрдам бериш учун келаётганини айтиб чиқди.

2023 йил 13 октябр куни АҚШдан Ўрта Ер денгизига қараб иккинчи авиаташувчи «Дуайт Эйзенхауэр» номли кема йўлга чиққани маълум бўлди.

Бу авиаташувчи кемалар АҚШ ҳарбийларининг энг кучли техникалари ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири АҚШга 10 млрд доллардан ошиқроққа тушган ва уларга 100 га яқин самолёт ва вертолётлар жойлаша олади.

Бундай йирик авиаташувчи кемалар жаҳоннинг яна бир нечта давлатида бор холос. Қуйида авиаташувчиларнинг яратилиш тарихи ва уларнинг имкониятлари ҳақида сўз юритамиз.

АҚШнинг «Жералд Форд» авиаташувчиси
www.alamy.com

Авиаташувчи кемалар тарихи

Агар авиаташувчилар тарихига назар ташланса, иккинчи жаҳон урушигача Британия бундай кемалар сони кўплиги бўйича биринчи ўринда турган. Урушдан сўнг АҚШ ҳарбий харажатларни кескин оширган ва самолётларни ташийдиган ўнлаб йирик кемалар ясаган.

Авиаташувчилар тарихи ХХ аср бошларига бориб тақалади. Кемадан илк парвозни 1910 йил 14 ноябр куни америкалик Южин Б. Эли амалга оширган. У «Бирмингем» крейсери палубасидан кичик самолёт билан парвоз қилган.