Ўзбекистон | 14:13 / 20.10.2023
22814
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев сув хўжалиги соҳаси мутасаддиларига эътироз билдирди

Мамлакатда 5-6 млрд метр куб сув беҳуда сарфланиб, коллекторларга ташланмоқда. Каналларни бетон қилиш орқали сув йўқотишлари камайтирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселекторда сув муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бораётгани таъкидланди.

Сўнгги икки йилда сув хўжалигига, жумладан сув тежовчи технологияларга катта миқдорда субсидия ажратилган. 
 
Лекин ўтган йили истеъмол қилинган 39 млрд метр куб сувнинг 36 фоизи тупроқ ўзанли канал ва ариқларда йўқолгани кўрсатиб ўтилди.
 
Бундан ташқари, ерларнинг 70 фоизи эски усулда суғорилгани боис, 5-6 млрд метр куб сув беҳуда сарфланиб, коллекторларга ташланаётгани айтилди.

Бугунги кунда 2,5 млн гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 7 млрд киловатт соат электр сарфланади. Лекин 80 фоиз насослар 35-40 йилдан бери ишлатилиб, ўз ресурсини ўтаб бўлган.

Давлат раҳбари сув хўжалигидаги бундай вазиятдан чуқур ташвишдалигини қайд этиб, соҳа мутасаддиларига қаттиқ эътироз билдирди.

Каналларни бетон қилиш орқали йўқотишларни камайтириш, насосларни энергия тежамкорига алмаштириш, сув иншоотларида автоматлашган ҳисоблагич ўрнатиш юзасидан топшириқлар берилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид