Украина қуролли кучлари бош штаби фронтдаги вазият бўйича ҳар кунги ҳисоботида ўтган кун давомида Украина армияси россияликларнинг кўп миқдордаги зирҳли техникалари ва жонли кучларини йўқ қилгани ҳақида хабар берди. Украинадаги манбалар бу йўқотишлар РФ армияси октябр ойи ўрталарида Донецк яқинидаги Авдийивка шаҳрини эгаллаш учун кенг кўламли ҳужумга ўтгани билан боғлиқлигини ёзмоқда.

Украина бош штабига кўра, икки кунлик жимликдан кейин РФ армияси Авдийивка ҳудудида ҳужумларни қайтадан бошлаган. «Авдийивка йўналишида душман ҳужум ҳаракатларини тиклади ва Авдийивкани қуршаб олишга уринишдан воз кечмаяпти», — дея ёзган украин ҳарбийлари.
Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, ўтган кун давомида бутун фронт чизиғи бўйлаб бўлиб ўтган жангларда (нафақат Авдийивкада) россияликларнинг 120 та зирҳли машинаси, 55 та танки ва 29 та артиллерия тизимлари яксон этилган. Бундан ташқари, Украина бош штаби россияликлар шахсий таркибда ҳам улкан йўқотишларга учраганини маълум қилган: ҳисоботга кўра, бир кун ичида қурбонлар сони 1380 кишини ташкил этган (украин ҳарбийларининг ҳар кунги расмий ҳисоботларида рақибнинг йўқотишлари 600 нафар атрофида баҳоланарди). Ҳозирча бу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш ёки рад этиш имкони йўқ.
Авдийивка ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Барабаш украин телевидениеси эфирида украин кучлари шаҳар атрофида россияликларнинг 500 га яқин техникасини йўқ қилганини айтган.
Бундай баёнотлар қанчалик ҳақиқатга мос келишини аниқлаш ҳозирча имконсиз. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда чиндан ҳам россияликларнинг техникалари йўқ қилингани акс этган кўплаб видеолар тарқалди, аммо улар орқали йўқотишларнинг аниқ сонини баҳолаб бўлмайди.
Америка Урушларни ўрганиш институти ҳам 20 октябр куни эрталаб берган ҳисоботида россияликлар Авдийивка йўналишида 10 октябр куни бошланган юришининг илк босқичида катта миқдорда оғир техникаларидан айрилгани ҳақида ёзган. «Россия кучлари Авдийивка атрофида давом этаётган кампания доирасида техникалари билан катта тўлов қилмоқда ва [бу], катта эҳтимол билан, Россиянинг бу ҳудуддаги юриши суръати янада секинлашишига олиб келади», деган экспертлар.
Украинадаги айрим манбалар ҳам Россия кучлари 19 октябр куни Авдийивка ҳудудида жуда улкан йўқотишларга учраганини ёзмоқда.
«Бугун Авдийивка остонаси жаҳаннамга айланди. Чинакамига. Бу ҳақда бир неча марта эшитдим. Эртага Бош штаб ҳисоботида йўқ қилинган ва шикастланган техникалар миқдорини кўрасиз ва ҳайратга тушасиз. Офицерлардан бири айтганидек — „Бу нима, … Курск ёйими?“. Ҳа, бизда ҳам йўқотишлар бор, бу жаҳаннам бизнинг жангчиларимизнинг ҳам ҳаётини олиб кетди», — дея ёзган 19 октябр куни ҳарбий мавзудаги War Zone телеграм-канали.
















