Умр ортиқча хотиржамлигингизга тоқат қиладиган, хатоларингизни кечираверадиган, кўкка совурган имкониятларингизни қайтариб бераверадиган доимий ҳамроҳингиз эмас. Уни тежашни, вақтни мазмунли ва фойдали сарфлашни ўрганиш зарур. Буларнинг барчаси инсондаги қатъият сабабгина реаллашади. Эндиликда “STATUS” лойиҳаси орқали тажрибали, муваффақиятли шахслар томонидан керакли мотивларга, кўникмаларга эга бўлишингиз мумкин. Кўрсатувимизнинг бугунги меҳмони Янги медиа таълим маркази директори Беруний Алимов.

— Ижтимоий тармоқларда сизни кузатувчилар яхши билишади. Кўплаб тадбирларда, конференцияларда, хорижий сафарларда кўп бўласиз. Буларнинг ҳаммасига улгуриш, вақтни тақсимлаш қийин эмасми?

Беруний Алимов

— Кундалик режани олдиндан белгилаб қўйсак, ҳаммасига улгурса бўлади, менимча. Баъзи ҳамкасбларим ҳазиллашиб, сизнинг кунингиз 48 соатми, деб қўйишади. Шу оддий 24 соат, фақат жой-жойида тақсимлай олиш керак. Кўп ишлайсизми, дейишади. Йўқ, керагича ишлайман, дам олишга ҳам, бошқа ишларгаям вақт топилади. Диссертация ҳимоя қилдим 12 деганда, вақт кетадиган ишлар булар ҳам.

Талабалар ҳали вақт бор, кейин қиламан деб юришади. Бир талаба фалон тилни ўрганишни бошладим, дейди, бир йилдан кейин сўрасам, йўқ ҳали ўрганолмадим, деган жавобни беради. Чунки вақтини тўғри йўналтира олмаган бўлади. Тил ўрганаётганда одам сўзларни дафтарга ёзиб ёдлаш керак, шунда такрорлаш, сўз устида ишлаш кўп бўлади. Ухлашдан олдин сўзларни бир такрорлаш керак, кечқурун мия шуни лисонга сингдириб туради. Тил ўрганишда баҳона қилиш керак эмас. Кейин, бошқа тил, бегона деган баҳона бўлиши керакмас, одамлар шу тилда гаплашяптими, демак, у тилни ўрганса бўлади. Қунт билан, астойдил киришилса, бир хорижий тилни 4-5 ойда ҳам ўзлаштирса бўлади.

Оптимизм тарафдориман мен. Ҳозирги ёш йигит-қизлар билан танишиб, яқинроқ суҳбат қурсангиз, пессимизм кўриниб туради. Ҳали ёш, лекин ҳеч нарсага эришмадим, улгурмадим, деб бошлашади. Ундай бўлиши керак эмас.

— Ёшларда натижадорлик ортиши, яхши мутахассис бўлиши учун уларда қандай қадриятлар шаклланиши керак деб ўйлайсиз?

Беруний Алимов

— Дангасаликнинг негизида зерикиш бор. Ҳозирги ёшларда шу нарса бор. Зериккан одамнинг қўли ишга бормайди, ўзларича нима бўлаётганини тушунтириб беролмайди.