Ўзбекистонда реклама тарқатишда давлат тилига доир талабларга амал қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш режалаштирилмоқда.
Бундай ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача (1 млн 650 минг сўмдан 2 млн 310 минг сўмгача) маъмурий жарима қўллаш таклиф этиляпти.
Тегишли қонун лойиҳаси Рақобат қўмитаси томонидан муҳокамага қўйилди. Жамоатчилик муҳокамаси 10 ноябргача давом этади.
Маълумот учун, “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади.
Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:
- реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
- ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак;
- рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
- теле ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.
Юқоридаги талаблар:
- фақат чет тилларда эълон қилинадиган босма нашрларда ва ноширлик маҳсулотининг бошқа турларида жойлаштириладиган рекламага;
- кўрсатувни (эшиттиришни) чет тилларда амалга оширувчи оммавий ахборот воситаларининг теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларини намойиш этиш (эшиттириш) жараёнида жойлаштириладиган рекламага;
- Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги материалларни фақат чет тилларда жойлаштирадиган веб-сайтларнинг ахборот ресурсларига жойлаштириладиган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди.
Бундан ташқари, “Давлат тили ҳақида”ги қонунга асосан, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши белгиланган.
















