09:30 / 11.11.2023
3922

ХВЖ ва Киев 900 млн долларлик транш бўйича келишувга эришди

Кенгайтирилган кредитлаш имконияти доирасида Украинага 900 миллион долларлик транш ажратиш қарори ХВЖ ижрочи директорлар кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.

Фото: РИА Новости / Стрингер

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Украина ҳукумати мамлакатнинг иккинчи иқтисодий таҳлили доирасида «ходимлар даражасида» келишувга эришди, деб хабар берди ХВЖ 10 ноябр, жума куни ўз сайтида.

Қайд этилишича, Украина сентябр охирида жамғарма томонидан белгиланган мақсадларга эришган. Бу ХВЖ ижрочи директорлар кенгашига Кенгайтирилган ёрдам дастури (EFF) доирасида Киевга қарийб 900 миллион доллар миқдорида транш ажратиш масаласини кўриб чиқишга йўл очади, дейилади ҳужжатда.

«Жамғарма дастур бўйича мажбуриятларни бажариш ва ислоҳотларга содиқлик борасидаги ютуқларимизни қайд этди. Бу келишув қарийб 900 миллион долларлик транш олиш учун йўл очади. Яқин ҳафталарда ХВЖ ижроия кенгаши томонидан тегишли қарор қабул қилинишини кутамиз», деб ёзди Украина бош вазири Денис Шмиҳал Telegram’да.

Украина учун ХВЖ кредит дастури

2023 йил март ойида ХВЖ Киев учун 4 йилга 15,6 миллиард доллар миқдорида кредит дастурини тасдиқлади. Маблағлар Россиянинг қўшни давлатга кириши бошланганидан кейин келишилган Украина учун умумий 115 миллиард долларлик ёрдам пакетининг бир қисмидир. 

Кейинги траншни олиш учун Украина ХВЖнинг молиявий сиёсат, жумладан инфляцияни пасайтириш, Марказий банкни мустаҳкамлаш ва коррупцияга қарши кураш соҳасидаги қатор талабларини бажариши керак. 

Украина ХВЖ EFF дастури доирасида биринчи траншни 2023 йил апрел ойида олди. У 2,7 миллиард долларни ташкил этди. 2023 йил июл ойида Украина давлат бюджетига иккинчи транш – 890 миллион доллар тушди.

«Украина иқтисодиёти ажойиб барқарорликни намойиш этишда давом этмоқда, сўнгги иқтисодий ўзгаришлар 2023 йилда иқтисодиётнинг кутилганидан кучлироқ тикланишига ишора қилмоқда ва 2024 йилда юмшоқроқ бўлса-да, ўсиш давом этади. Бироқ, прогноз жуда ноаниқ бўлиб қолмоқда, чунки у билан боғлиқ фавқулодда юқори «ноаниқлик» ҳарбий ҳаракатларга тегишли», дея маълум қилди ХВЖ 10 ноябр куни. 

Top