Жаҳон | 16:56 / 11.11.2023
10510
3 дақиқада ўқилади

ЕИнинг қатор давлатлари Киевга 20 млрд евролик ёрдам режасига рози эмас

Европа Иттифоқининг Украинага 20 миллиард евролик узоқ муддатли ёрдам режаси айрим давлатлар, хусусан, Германиянинг эътирозлари туфайли ҳозирги кўринишида қабул қилинмаслиги мумкин, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги дипломатларга таяниб. 

Фото: Ben Birchall/POOL/AFP via Getty Images

Европа Иттифоқининг Украинага 20 миллиард еврогача ҳарбий ёрдам ажратишни назарда тутувчи режаси Европа Иттифоқининг айрим давлатлари томонидан қаршиликка учради ва ҳозирги шаклда рад этилиши мумкин, деб хабар қилди Reuter агентлиги 10 ноябр, жума куни Европа Иттифоқи дипломатик доираларига таянган ҳолда. 

Июл ойида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 2024-2027 йилларга мўлжалланган Киевга Россия билан урушда Украинани қўллаб-қувватлаш учун йиллик ҳажми 5 миллиард евро бўлган ҳарбий ёрдам фондини яратишни таклиф қилган эди. Ушбу режани муҳокама қилиш 14 ноябр куни Брюсселда Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари йиғилишида бўлиб ўтиши керак, бироқ Reuters манбаларига кўра, кўплаб давлатлар, жумладан, Германия бу қадар катта маблағ ажратиш мақсадга мувофиқлигига шубҳа билан қараган. 

Боррелнинг режасига ўзгартиришлар киритилиши мумкин 

Россиянинг Украинада тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан буён Европа Иттифоқи Киевга 25 миллиард еврога яқин қурол-яроғ ва жиҳозлар етказиб берди ҳамда ҳарбий ёрдам соҳасидаги энг йирик донорлардан бирига айланди. Боррелнинг таклифи Европа тинчлик жамғармаси доирасида Украинага ёрдам кўрсатиш учун молиявий захира яратиш орқали қўллаб-қувватлашни узоқ муддатли асосга ўтказишга уриниш бўлиб, у Европа Иттифоқи мамлакатларига бошқа давлатларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш харажатларини қоплашга қаратилган. 

«Мен бу режани ҳали муваффақиятсиз деб эълон қилмоқчи эмасман. Лекин уни яхшилаш мумкин, - деди исми сир қолишини истаган Европа Иттифоқи дипломатларидан бири Reuters’га берган интервюсида. - Германияда жуда кўп саволлар бор ва бу жуда тўғри. Ахир, биз жуда катта пул ҳақида гапиряпмиз». 

Европа Иттифоқининг айрим давлатлари ички бюджетларнинг қисқариши туфайли бундай узоқ муддатли мажбуриятларни олишга тайёр эмас. Дипломатик манбалар Европа Иттифоқи Украинага бир йил аввалдан маблағ ажратишга қарор қилиши мумкинлигини тан оляпти. 

Брюссел Украинага ҳарбий ёрдам билан боғлиқ бошқа масалалар билан ҳам боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Хусусан, кўплаб расмийлар ва дипломатлар фикрича, Европа Иттифоқи келаси йил март ойигача Киевга 1 миллионта артиллерия снарядлари ва ракеталарини етказиб бериш мақсадига эришиш қийин бўлади, деб ёзади Reuters. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид