Kun.uz мухбири “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров билан телефон орқали боғланди ва Ўзбекистонда давлат байроғидан фойдаланиш борасида киритилган ўзгаришлар, “Давлат тили ҳақида”ги қонун, ёзув ислоҳи ва бошқа бир қатор мавзуларда интервю ўтказди.
— Алишер ака, бугунги байрам муборак бўлсин. “Миллий тикланиш” партияси давлат байроғидан фойдаланишда қўйилган қатор чекловларни юмшатиш бўйича ташаббусларни илгари сурган партиялардан ҳисобланади. Бу ўзгаришлар кейинчалик “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда ҳам акс этди. Қонундаги асосий ўзгаришларни содда қилиб тушунтириб берсангиз.
— Ҳа, давлат байроғидан фойдаланишда белгиланган қатор чекловларни олиб ташлаш масаласини узоқ вақт кўтардик, муҳокамалар бўлди. ЎзЛиДеП партияси билан биргаликда ҳаракат қилиб, чекловлар олиб ташланишига эришдик. Фуқароларнинг байроқдан фойдаланишини чекловчи меъёрлар олиб ташланди. Янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқишда халқаро ҳамжамиятдаги байроқ билан боғлиқ қонунчиликлар мисол келтирилди. Дейлик, Туркияда байроқ осилиб туриши шараф ҳисобланади, қонунчилиги шунга йўл беради. Байрамларда кўчалар қип-қизил (байроғи ранги) бўлиб кетади. Байроққа бўлган чекловлар, муносабат жамиятдаги камчилик эканини эътироф этиб, биринчи қадам сифатида қонунга ўзгартириш киритдик. Қонунга кўра, энди фуқаролар байроқ ва ҳурмат кўрсатган ҳолда бемалол фойдаланишлари мумкин. Давлат байроғи бўлиши керак бўлган ташкилот турлари аниқ белгилаб қўйилди. Ҳали бу борада яна ишлар давом этади. Масалан, рангларни қўллаш бўйича масалалар кўриб чиқилади, турли талқинлар юзага келиши олдини олиш керак. Бу нарса қонунда белгиланиши зарур, ҳар жойда ҳар хил бўлиб қолмаслиги керак байроқ.
Биздаги энг катта муаммолардан бири – жамиятда байроққа бўлган муносабат шаклланмагани. Партиямизнинг ҳар бир аъзосига байроқ бериб, ўзи яшаётган ҳудудга осиш масаласини кўряпмиз. Жамиятга шуни намуна қилиб борсак, қисқа даврда халқимизда байроққа муносабат шаклланади.
Байроқни хонадонларга, бошқа муассасаларга бемалол илиб қўйиш мумкин энди, байрам бўлиши шарт эмас бунинг учун. Ҳар бир хонадонда байроқ бўлиши, айрилмас қисми бўлиши керак. Бизда ҳам Туркиядаги каби муносабат шаклланишига кўп вақт кетмайди. Ўзим ҳам уйимга иккита байроқ илиб қўйдим деразадан. Тарғибот ишларини ҳам олиб боряпмиз.
— Эшитишимизга қараганда, депутатлар охирги вақтларда давлат тили борасидаги қандайдир қонунчилик устида ишламоқда. Бу қандай ҳаракатлар, айта оласизми?
— Давлат раҳбари томонидан “Давлат тили ҳақида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклифи бўлди. Энди қонунни янада такомиллаштирган ҳолда муҳокамага киритамиз. Олдинги муҳокамаларда кўп таклифларимиз ўтмай қолганди.















