Ars Technica нашри журналисти Эрик Бергер янги мақоласида «Роскосмос» раҳбари Дмитрий Бакановнинг Россияда яратилаётган истиқболли космик кема ҳақидаги баёнотига эътибор қаратган.

Бакановнинг маълум қилишича, 2026 йил кузида Узоқ Шарқда кемани парашют ёрдамида ташлаш синовлари ўтказилади. Корпорация биринчи экипажли парвозни 2028 ёки 2029 йилда амалга оширишни кўзламоқда. Учириш учун, эҳтимол, «Ангара-А5М» ракетасидан фойдаланилади.

Лойиҳа Европа билан ҳамкорликдан бошланган

Қарийб йигирма йил аввал Россия ва Европа космик агентлиги — ESA янги авлод экипажли космик кемасини биргаликда яратиш масаласини муҳокама қила бошлаган.

Ўша пайтдаги келишувларга кўра, Европа олти нафаргача одамни ташишга мўлжалланган капсула учун хизмат модулини тақдим этиши керак эди.

Бироқ кейинчалик Европа ўз экипажли космик кемаси устида ишлашни давом эттирмасликка қарор қилган. «Роскосмос» эса лойиҳани мустақил амалга ошириш йўлини танлаган.

Кема бир неча бор қайта номланган

Лойиҳа шу вақт ичида бир нечта ном билан аталган. Дастлаб у «Истиқболли экипажли транспорт тизими», кейин «Янги авлод экипажли транспорт кемаси» деб юритилган. Кейинчалик «Федерация», сўнг эса «Орел» номини олган.

Бергернинг ёзишича, қарийб 20 йиллик ишланмалар давомидаги кўплаб ном ўзгаришлари ва компьютерда тайёрланган тасвирларга қарамай, кема яратилишида амалда қандай силжиш бўлаётгани ноаниқлигича қолган.

Баканов эълон қилган парашют синовлари эса лойиҳа бўйича навбатдаги амалий қадам сифатида кўрсатилмоқда.

Нега парвоз муддатига шубҳа билдирилмоқда?

Америкалик шарҳловчи 2028–2029 йиллардаги парвоз санасини ҳозирдан тақвимга киритишга шошилмаслик кераклигини таъкидлаган.

У бундан тўрт йил аввал Россия президенти Владимир Путин «Орел» кемаси ва Россиянинг Ой дастури қайта тикланиши ҳақида ишонч билан гапирганини эслатган. Бергернинг баҳосича, ўшанда айтилган режалар ҳали кутилган натижани бермаган.

Шу боис янги эълон қилинган муддат ҳозирча «Роскосмос»нинг режаси бўлиб қолмоқда.