DW хабарига кўра, Германия мудофаа вазири Борис Писториус бу ҳақда 1 октябр куни Қуйи Саксония федерал еридаги Берген ҳарбий полигонига ташрифи чоғида маълум қилган.

«2027 йил давомида Бундесвернинг биринчи дронлар полкини тузамиз», — деган вазир.

Унинг таъкидлашича, Германия армияси жанг майдонидаги воқеаларни кузатиб, тегишли хулосалар чиқармоқда.

«Қуруқликда муваффақиятга эришишни истаган томон учувчисиз тизимларни жанговар қўллашни ўзлаштириши керак», — деган Писториус.

Вазир барча ишланмаларда Украина тажрибаси ҳисобга олинишини қўшимча қилган.

Дрон тизимлари 500 километргача масофада қўлланади

Янги полк жуда қисқа масофалардан тортиб, 500 километргача бўлган масофаларда учувчисиз тизимлардан фойдаланади.

Бўлинма разведка олиб бориш, нишонларни йўқ қилиш ва душманнинг учувчисиз аппаратларини тутиб қолиш вазифаларини бажаради. Унинг таркибида алоҳида радиоэлектрон кураш ротаси ҳам бўлади.

Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, генерал-лейтенант Кристиан Фройдингнинг маълум қилишича, дастлаб полкда 300 нафар ҳарбий хизмат қилади. Кейинчалик штат сонини 600 нафарга етказиш режалаштирилган.

Полк қаерда жойлаштирилиши ҳозирча белгиланмаган.

Ҳарбийлар ва муҳандислар технологияларни бирга синамоқда

Писториус баёнотини Бундесвер саноат корхоналари билан ҳамкорликда янги технологияларни бевосита дала шароитида синовдан ўтказаётган тадбирда берган.

Вазир бу жараённи «даладаги лаборатория» деб атаган. Унинг фикрича, бундай ёндашув янги ечимларни тезроқ ишлаб чиқиш имконини беради.

Писториус армия тайёр маҳсулот етказиб берилишини кутиш билан чекланмай, мавжуд технологияларни ўзи синаётганини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, алоҳида қурол тизимларининг самарадорлиги кўп жиҳатдан уларнинг умумий тармоққа қандай бирлаштирилишига боғлиқ. Шу сабабли ҳарбий хизматчилар муҳандислар ва ишлаб чиқувчилар билан бевосита бирга ишлаши керак.