Эрик АҚШга кетиш учун аввалига дарёни кечиб, Молдовага ўтган

Айримлар дарё тўсиғидан сузиб ўтишдек хавфли йўлни танлаган, бошқалар шунчаки тун қоронғисида чегарани кесиб ўтган. Расмий Киев маълумотига кўра, ҳарбий чақирув ёшидаги яна 21 минг 113 киши мамлакатни тарк этишга уринганида тўхтатиб қолинган.

Россия ҳарбий босқини бошланганидан кейин 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларнинг катта қисмига мамлакатни тарк этиш тақиқланади, аммо BBC ихтиёрига келиб тушган маълумотларга кўра, Украинадан ҳар куни ўнлаб кишилар қочиб кетмоқда.

Нашр мухбири хорижда ўқийдиган, ишлайдиган ёки доимий яшовчи қариндошларига қўшилиш учун Украинани тарк этганларнинг айримлари билан гаплашган.

«Мен [Украинада] нима қиламан? — дейди Евгений. — Ҳаммамиз ҳам жангчи эмасмиз ва мамлакатни қамоққа айлантириш шарт эмас. Советлар иттифоқида бўлгани каби барчани мажбурлаб тўплаш мумкин эмас».

BBC Украинанинг қўшнилари бўлмиш Руминия, Молдова, Полша, Венгрия ва Словакия ҳукуматларидан олган маълумотларга кўра, 2022 йил февралидан 2023 йил 31 августига қадар ушбу мамлакатларга 19740 нафар эркак ўтган.

Уларнинг барчаси бу мамлакатларга қандай қилиб бориб қолганини аниқлаб бўлмаса-да, чегарани кесиб ўтишга уринганида қўлга тушган 21113 киши қандай йўллардан фойдаланмоқчи бўлгани маълум.

Уларнинг аксари — 14313 киши — чегарадан шунчаки ноқонуний ўтишга (қуруқлик ёки сув йўллари орқали) ҳаракат қилган, қолган 6800 киши эса, Украина ҳукумати тасдиқлашича, ноқонуний йўллар билан тайёрланган расмий ҳужжатлардан фойдаланишга уринган (масалан, саломатлиги ёмонлиги туфайли чақирувдан озод этилгани тўғрисидаги сохта маълумотнома).

Украинада расман муайян касалликларга чалинганлар, шунингдек, уч ва ундан ортиқ фарзанди борлар ҳамда оила аъзоларининг ёлғиз қаровчилари армияга чақирилмайди.

Август ойида президент Володимир Зеленский ҳарбий комиссариатларнинг тиббий комиссияларидаги коррупция ҳолатлари ҳақида гапириб чиққанди, унинг сўзларига кўра, бунинг натижасида 2022 йил февралидан чақирувдан озод этилганлар сони 10 баробарга ошган. Ўшанда у барча ҳудудларда ҳарбий чақирувга масъул бўлганлар ишдан бўшатилгани ва 30 дан ортиқ кишига қарши жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилганди.