Сеул: Пхенян янги айғоқчи сунъий йўлдошини учиришга тайёрланмоқда
Шимолий Корея шу ҳафтадаёқ айғоқчи сунъий йўлдошини учириши мумкин - эҳтимол Россия ёрдамида, деб ҳисоблайди Жанубий Корея ҳарбийлари.
Шимолий Корея ўзининг биринчи ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учириш бўйича икки марта муваффақиятсиз уринишларидан сўнг, энди уни яна учиришга ҳозирлик кўрмоқда, дея маълум қилди Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси (JCS).
Қўмита Пхенянга қаттиқ огоҳлантириш бериб, учиришга тайёргарликни «зудлик билан тўхтатишни» талаб қилди. «Агар Шимолий Корея огоҳлантиришга қарамай тайёргарликни давом эттирса, ҳарбийларимиз халқимиз ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўради», — дейилади 20 ноябр, душанба куни Yonhap ахборот агентлиги хабарида.
Аввалроқ Жанубий Корея мудофаа вазири Син Вон Сик KBS телеканалига берган интервюсида КХДР ноябр ойи охиригача ўзининг биринчи разведка сунъий йўлдошини учиришга уриниб кўриши мумкинлигини маълум қилганди, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг операциялар бўйича бош директори Кан Хо Пил Пхенян «бунга шу ҳафтадаёқ» яна уриниб кўриши мумкинлигини билдирди.
Сеул Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашувидан сўнг КХДР зарур технологияларни Россиядан олган бўлиши мумкинлигидан хавотирда, деб ёзади Yonhap. Жанубий Корея мудофаа вазири Син Вон Сикнинг сўзларига кўра, КХДР «Россия ёрдамида» двигател билан боғлиқ муаммоларни «деярли ҳал қилган».
Аввалроқ Пхенян май ва август ойларида сунъий йўлдошни учирмоқчи бўлганди, бироқ иккала уриниш ҳам муваффақиятсизликка учради.
Мавзуга оид
20:40 / 20.12.2024
Шимолий Корея ҳакерлари жорий йилда 1,3 млрд долларлик криптовалюта ўғирлади
16:31 / 18.12.2024
Исёнда айбланаётган Жанубий Корея президенти полиция сўроқига келмади
21:54 / 17.12.2024
Жанубий Корея Тошкент—Самарқанд темирйўлининг янги тармоғини лойиҳалаштиришни бошлади
16:45 / 17.12.2024