Канада ва ЕИ етакчилари 24 ноябр, жума куни Канаданинг Нюфаундленд провинциясида бўлиб ўтган учрашувда Украинага Россияга қарши туришда «зарур бўлгунча» ёрдам беришда давом этишини тасдиқлади, деб ёзади AFP. Канада бош вазири Жастин Трюдо, Европа кенгаши раиси Шарл Мишел ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен «Украинанинг шошилинч ҳарбий ва мудофаа эҳтиёжларини қондириш учун ҳаракат қилишини» айтди ҳамда «Украина узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган ҳамма нарсани олишига» ишонтирди.
Хусусан, Трюдо Канада Украинага ҳарбий ёрдамни ошириб, унга 11 минг пулемёт ва улар учун 9 миллион ўқ-дори етказиб беришини маълум қилди. Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Оттава Киевга 1,8 миллиард доллар ҳарбий ёрдам берган. Фон дер Ляйен Канада урушдан олдин Украинага ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш орқали ёрдам берганини ва бу Украина Қуролли кучларига агрессияни қайтаришда ёрдам бўлганини таъкидлади.
Европа Иттифоқида, Еврокомиссия раҳбари таъкидлаганидек, 30 минг украиналик ҳарбий хизматчи тайёрланди, йил охирига қадар уларнинг сони 40 минг нафарга етиши мўлжалланган. Унинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи яқин орада Россиянинг музлатилган активларидан Украинага ёрдам бериш учун фойдаланиш режаларини ошкор қилади. Шарл Мишел, шунингдек, «яқин ҳафталарда» Киевга ёрдам бериш бўйича янги қадамлар ҳақида эълон қилди.
Дания ҳам Украинага ҳарбий ёрдамни оширади
Дания парламенти ва ҳукумати 24 ноябр, жума куни Украинага ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада оширишга келишиб олди. 2023 йилда бунинг учун мўлжалланган жамғармага қўшимча 2,3 миллиард крона (337 миллион доллар), 2025-2027 йилларда эса 23,5 миллиард крона (3,4 миллиард доллардан ортиқ) ажратилади, деб хабар берди мамлакат Мудофаа вазирлиги. Умуман олганда, 2028 йилгача ушбу эҳтиёжлар учун 60,4 миллиард крона (деярли 8,9 миллиард доллар) йўналтириш режалаштирилган.
«Уруш давомида Дания Украинани кучли қўллаб-қувватлаб келган ва ҳозир ёрдам миқдорини ошириб, украиналиклар узоқ муддатда бизнинг ёрдамимизга ишониши мумкинлиги ҳақида аниқ сигнал юбормоқдамиз», деди Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен.
Сентябр ойида Ritzau агентлиги Поулсенга таяниб, Дания Украинага яна 45 та жанговар танк - 30 та Leopard 1 ва 15 та Т-72ни топширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Бунгача Копенҳаген Нидерландия ва Германия билан биргаликда Киевга 10 та Leopard танкини етказиб берган. Бундан ташқари, Дания Украина танк экипажларини тайёрлаш учун Германияга инструкторлар юборди.
















