Жамият | 11:09 / 26.11.2023
33720
5 дақиқада ўқилади

Раҳбарнинг қўлига сув қуйиб туриш топшириғини олган талабалар, ички ишлар биносида ўтган тун — “Талаба кундалиги”

Соат неча эканини билолмагани учун тунги 3да дарсга борган, раҳбарнинг қўлига сув қўйиш, ҳовлисига гилос экишга жўнатилган ва пули қолмай кечқурун пиёда юргани учун ИИБга олиб кетилган талабаларнинг ҳикоялари билан "Талаба кундалиги"нинг бугунги сонида танишамиз.

1-ҳикоя: Саҳар йўлга чиққан талаба

– Тиббиёт йўналишини битирганман. Олийгоҳда бир фан ўқитувчимиз бўларди, нуқул дарс вақтида атир-упаларини ёйиб, қизларга нарса сотарди. Курсдошларим домланинг асосий мижозлари эди, лекин ўзим ҳақимда бундай деёлмайман. Шунинг учун ўқитувчимиз баҳо қўйиш вақти келганда мени кўп қийнарди. Эрталаб дарслар 8 да бошланарди. Лекин менга дарсдан 15 минут олдин келиб хонада ўтириш мажбуриятини қўйганди. Уйимдан ўқишгача автобусда қатнардим. Ҳатто вақтли келмаганим учун мени бир неча марта жазолаган ҳам. Шунинг учун онамдан мени эртароқ уйғотишини сўрардим.

Қиш кунлари қишлоқда кўп ток ўчгани учун, телефонимнинг қувватини тўлдириш баъзан имконсиз бўларди. Шундай кунларнинг бирида уйғониб дарсга кетмоқчи эдим. Қарасам, ток йўқ, телефоним ўчиб қолган, соат нечалигини билолмадим. Таваккал қилиб йўлга чиқдим, бекатда автобус кутишни бошладим. Йўллар жуда қоронғи, битта ҳам машина кўринмайди. Орадан қанча вақт ўтганини билмайман, ёнимга бир киши келди, қарасам поликлиника қоровули. Салом-аликдан кейин, дарров соат неча бўлганини сўрадим. Билсам, соат 3 яримдан энди ошган экан.

2-ҳикоя: Ички ишлар биносида ўтган тун

– 2016 йил 22 май кунги воқеа эсимдан чиқмайди. 4-курсни тугатишимга оз қолганди. Иқтисодий йўналишда ўқийман, диплом ҳимоям яқинлашган. Тушунмаган нарсаларни сўраш учун, кечки 9ларда мендан 5-6 километр узоқда яшайдиган дўстимнинг уйига жўнадим. У билан 1 яримгача диплом иши ёздик. Бу орада овқатланолмадик, мен тезроқ хонамга қайтиб, овқатланиб олиш ҳақида ўйлардим. Ёнимда пулим ҳам қолмаган. Уйгача пиёда етиб олишга қарор қилдим. 5 километрча босиб, манзилимга яқинлашганимда ички ишлар автобуси қаршимдан чиқиб, ходимлар ҳужжатларимни сўрай бошлашди. Талабалик гувоҳномамни кўрсатишимга қарамай, мени Яшнобод туман ИИБ биносига олиб кетишди, бармоқ изларимизми олиб, камерага солиб қўйишди.

Менинг эса тезроқ уйга бориш ва қорнимни тўйдириш хаёлимдан кетмасди. Оддий талаба эканимни, мени қўйворишларини сўраб ялиниб-ёлворсам ҳам эшитишмади, жуда қўпол муносабатда бўлишди. Ўша пайтлари ички ишлар ходимларига бугун шунча одамни бармоқ изини оласан, пропискасини текширасан деган “план” қўйиларди. Хуллас, эрталаб зўрға уйга етиб келганман.

Кейин магистратурада ҳам ўқидим, 2 йил университетда дарс бердим. Ҳозир Туркияда Халқаро муносабатлар бўйича PhD қиляпман.

3-ҳикоя: Раҳбарнинг қўлига сув қўйишга жўнатилган талабалар

Талабаликка янги қабул қилингандик. Биринчи босқич давом этаётган вақт эди. Дарсда ўтиргандик, шошилинч эълони бор кишидай факултетимиз декани ўринбосари кириб келди. Ҳаммамизга қараб чиқди-да, орамиздан 5 нафар забардаст йигит талабаларни танлаб, дарсдан кейин ёнига киришимизни айтиб қолди. Олийгоҳ тартиб- қоидасига кўра оқ кўйлак, қора шим кийган йигитлар биргаликда декан ўринбосари хонасига кирдик. Кейин жаноб гап бошлаб қолди. “… ака Давлат тест марказида ишлайди. Менинг энг яқин ўртоқларимдан бири бўлади. Ҳозир янги ҳовлисини битказиб, эҳсон тўй оши беряпти. Сизлар бориб қўлига сув қуйиб, мастава, ошини ташиб, ошидан еб, ҳовлисига гилос экиб беришингиз керак”, – деди декан ўринбосари.

Бу декан ўринбосари бўлса, ҳали 4 йил шуни қўлида ўқиймиз деб буйруқ–илтимосини бажаришдан бошқа чорамиз қолмаганди.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

P.S: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uz’нинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.

Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

Мавзуга оид