10:26 / 19.12.2023
8424

АҚШ Қизил денгизда кемалар хавфсизлигини ҳимоя қилмоқчи

Prosperity Guardian операцияси Яман ҳуcийчиларининг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужуми фонида бошланди ва 10 мамлакатни бирлаштиради, деди АҚШ мудофаа вазири Остин.

Фото: Globallookpress

АҚШ Ямандаги Эрон билан боғлиқ ҳусийчи жангчиларнинг минтақадаги юк кемаларига ҳужумлари фонида Қизил денгизда навигация эркинлиги миссиясини бошлайди. Бу ҳақда 18 декабр, душанба куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин баёнот берди. Prosperity Guardian операциясида АҚШдан ташқари Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшел ороллари ва Франция иштирок этади, деди Пентагон раҳбари. 

Вазиятнинг кескинлашиши «эркин савдога таҳдид солади, денгизчиларни хавф остига қўяди ва халқаро қонунларни бузади», деди Остин. Қизил денгиз муҳим сув йўли ва халқаро савдони осонлаштирадиган йирик савдо йўлагидир, дея таъкидлади расмий Вашингтон. 

Давлат департаменти ҳусийчиларнинг тижорат кемаларига ҳужумларини қоралади 

Айни пайтда, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд билан телефон орқали суҳбатда Ямандаги ҳусийчи жангчиларининг Қизил денгиздаги савдо кемаларига уюштирган ҳужумларини қоралади. Америка дипломатияси раҳбари денгиз хавфсизлигини таъминлаш учун барча шерикларни ҳамкорлик қилишга чақирди, деб хабар берди Давлат департаменти. 

Биргина 18 декабр куни Қизил денгиз жанубида ҳусийчилар томонидан иккита савдо кемаси - Swan Atlantic танкери ва M/V Clara юк ташувчи кемаси ҳужумга учради, дея маълум қилди АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM). Ҳарбийларга кўра, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. 

Йирик юк ташиш компаниялари Сувайш каналидан фойдаланмаяпти

Ҳар йили минглаб кемалар Арабистон яриморолининг жануби-ғарбий йўналиши ва шимоли-шарқий Африка ўртасидаги Боб ал-Мандеб бўғози орқали ўтади. Ямандаги Эронга алоқадор ҳусийчи жангчилар Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида уруш бошланганидан бери бир неча бор Исроилга учувчисиз учоқлар ва ракеталар учирди ҳамда Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилди. 

Сўнгги кунларда тўртта йирик контейнер ташувчи компания, шу жумладан соҳа етакчиси MSC энди ўз кемалари бўғоз орқали сузиб ўтмаслигини эълон қилди. Европадан Осиёга энг яқин йўл бўлган Сувайш каналидан фойдаланиш ўрнига, улар Африкани айланиб ўтишга мажбур бўляпти, бу эса қўшимча харажатлар ва кечикишларга олиб келади. 

Top