Жаҳон | 11:10 / 25.12.2023
4027
2 дақиқада ўқилади

Германияда Украина билан бирдамлик солиғини жорий этиш таклиф қилинди

Солиқ орқали Киевга ҳарбий ёрдамни молиялаштириш мумкин бўлади, дейди Германия ҳукумати қошидаги «Донолар кенгаши» раҳбари Моника Шнитцер. Унинг фикрича, немис солиқ тўловчиларидан бирдамлик солиғини ундириш тўлиқ оқланади.

Фото: REUTERS / Christian Mang

Германия ҳукумати ҳузуридаги Иқтисодий экспертлар кенгаши («Донолар кенгаши») раиси Моника Шнитцер Украинага ёрдам бериш учун даромад солиғига қўшимча тўловни - Украина билан бирдамлик солиғини (Ukraine-Solidaritätszuschlag) жорий этишга чақирди. «Махсус воқеалар махсус чора-тадбирларни талаб қилади. Ҳарбий ёрдам учун даромад солиғига қўшимча сифатида Украина билан бирдамлик солиғининг киритилиши бу муаммога жавоб бўлиши мумкин», - дея тушунтирди Шнитцер 23 декабр куни чоп этилган Rheinische Post газетасига берган интервюсида.

У бундай чора оммабоп бўлмаслигини тан олди. «Аммо, охир-оқибат, бу урушда биз ўз хавфсизлигимиз ҳақида гапиряпмиз. Россия ҳаракатлари кутилмаганда бутунлай бошқача чораларни талаб қилганидан кўра, ҳозир керакли ишларни бажариб қўйган маъқул», - деди «Донолар кенгаши» раҳбари. 

Германиядан Украинага катта ҳажмдаги ёрдам 

Ҳозирда Германияда ҳукмронлик қилаётган коалиция таркибига кирувчи Эркин демократик партия (ЭДП) Германияда ҳам солиқларнинг оширилишига, ҳам янгиларининг киритилишига йўл қўймасликка ваъда берди. 

Коалиция етакчилари аллақачон Украинага кенг кўламли ёрдамни кафолатлаган. «Ушбу ёрдам оддий бюджетдан молиялаштирилади - худди биз режалаштирганидек», деди ўтган ҳафта Германия канцлери Олаф Шолц. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид