«Дунё» хабарига кўра, иқтисодий тадбир мамлакатнинг Франкфурт-Майндаги бош консуллиги томонидан MÜSIAD Hessen e.V. тадбиркорлар уюшмаси, Ханау шаҳар Савдо-саноат палатаси ва UZBIC Ўзбекистон бизнес ва саноат кенгаши нодавлат ташкилоти билан биргаликда ўтказилди.
Унда уч давлатнинг етакчи корхоналари ўртасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «Ўзбекистон-Туркия-Германия» форматидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбек маҳсулотларини Германия бозорига экспорт қилиш ҳажмини ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Форум давомида UZBIC аъзолари ҳамда етакчи немис ва турк компаниялари ўртасида В2В форматида музокаралар ташкил этилди. Томонлар конструктив мулоқот ўрнатиш, гастрономия, тўқимачилик саноати, логистика, қурилиш ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг аниқ йўналишларини белгилаб олди.
Бўлиб ўтган музокаралар натижасида томонлар Ўзбекистондан трикотаж, косметика, қуритилган мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тўғрисида дастлабки келишувларга эришди.












