Ўзбекистон Миграция агентлиги Германиянинг Deutsche Bahn компаниясида қурилиш мутахассислари учун бўш иш ўринлари мавжудлигини эълон қилди.
Маълум қилинишича, ишга қабул қилинган мутахассисларга ойига 3 418,84 евродан бошланадиган брутто иш ҳақи тўланади. Бу солиқлар ва мажбурий ажратмалар ушлаб қолинишидан олдинги сумма ҳисобланади.
Шунингдек, иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам кунларида бажарилган ишлар учун қўшимча ҳақ тўланади. Ходимларга йилига 30 кунлик ҳақ тўланадиган таътил берилади.
Компания Германияда уй-жой топиш, рўйхатдан ўтиш ва касбий малакани ошириш масалаларида ҳам ёрдам кўрсатади.
Номзодлар учун 8 ойлик бепул немис тили курси ташкил этилади. Машғулотлар Тошкент шаҳрида ўтказилиб, харажатлар Deutsche Bahn томонидан қопланади. Курс якунида иштирокчилар немис тилидан B1 даражасидаги имтиҳонни муваффақиятли топшириши шарт.
Бўш иш ўринлари қуйидаги йўналишларда таклиф қилинмоқда:
Темирйўл платформалари, вокзаллар ва бошқа иншоотларни таъмирлаш;
Ғишт териш, бетонлаш ва қурилиш ишларини бажариш;
Пойдеворлар ва ер ости иншоотларини қуриш;
Бурғилаш, қозиқ қоқиш ва устунларни ўрнатиш;
Оддий геодезик ўлчаш ишларини бажариш.
Номзодларга қўйиладиган асосий талаблар:
Қурилиш соҳаси бўйича касбий маълумотга эга бўлиш, амалий техник кўникмаларни билиш, жисмоний меҳнатга лаёқатли бўлиш ва жамоада ишлай олиш талаб этилади.
Қурилиш соҳасида иш тажрибаси ҳамда B тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш устунлик беради.
Дастлабки ариза топширишда немис тилини билиш мажбурий эмас. Бироқ Германияда иш бошлаш учун B1 даражасидаги имтиҳондан ўтиш зарур.
Номзодлар мактаб аттестати ва баҳолар иловаси, мавжуд дипломлар, резюме, иш тажрибасини тасдиқловчи ҳужжатлар, паспорт ҳамда мавжуд бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиши лозим.












