Ўзбекистон | 10:37 / 28.12.2023
4401
2 дақиқада ўқилади

Корея Сирдарёдан мавсумий ишчиларни жалб қилишни режалаштиряпти

2025 йилда Сирдарё вилоятидан мавсумий ишчиларни Нажу шаҳрига жалб қилиш бўйича ўрганишлар олиб борилади. 

Фото: Дунё АА

Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Баҳодир Ботиров бошчилигидаги делегациянинг Корея Республикасига амалга оширган хизмат сафари якунланди.

"Дунё" хабарига кўра, ташриф доирасида Пёнтек, Квансангу ва Нажу шаҳарлари мэрлари, "Корея–Ўзбекистон бизнес ассоциацияси", Hangyong, DHMT Global, Evervolution компаниялари, Чунгнам-Марказий Осиё минтақавий инновацион истеъдодларни ривожлантириш маркази ва Жанубий Корея малака ошириш илмий-тадқиқот институти ҳамда "Сонмун" ва "Кванджу" университетлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди ва тегишли ҳужжатлар имзоланди.

Квансангу шаҳар мэри Пак Бюнг Кю ушбу шаҳарда 2800 дан зиёд Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилиши, уларнинг аксарияти саноат, таълим, қишлоқ хўжалиги ва хизмат соҳаларида фаолият олиб боришини таъкидлаб ўтди.

Томонлар Гулистон тумани ва Квансангу шаҳри ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда 2024 йилда амалга оширилиши мумкин бўлган тадбирлар режасини тузиш, жумладан, Пак Бюнг Кюнинг Сирдарё вилоятига ташрифини амалга ошириш каби келишувларга эришди.

Нажу шаҳри мэри Юн Бюнг Тэ билан суҳбат давомида шаҳар 2000 йиллик тарихга эгалиги ва ҳозирги кунга қадар деҳқончиликда ўз ўрнига эга эканлиги, жумладан, махсус ноклари дунё бўйлаб экспорт қилиниши таъкидланди.

Шу билан бирга Жанубий Корея томони маълумотига кўра, мазкур шаҳарда йилдан йилга мавсумий ишчиларга бўлган талаб ошиб бормоқда. Жумладан, 2023 йил 400 га яқин мавсумий ишчилар жалб қилинган бўлса, 2025 йилга бориб 700 га яқин ишчиларга эҳтиёж сезилиши кутилмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, 2025 йилда Сирдарё вилоятидан ҳам мавсумий ишчиларни Нажу шаҳрига жалб қилиш бўйича ўрганишлар олиб борилиши ва тегишли вазирликлар орқали ҳамкорлик ўрнатиш масалалари келишиб олинди.

Мавзуга оид