Россия қўшини 29 декабрга ўтар кечаси Украина бўйлаб ёпирилма ракета зарбалари йўллади. РФ армияси ҳужумда Shahed дронлари, шунингдек қанотли ва зенит ракеталардан фойдаланган. Сўнгги маълумотларга кўра, 18 киши ҳалок бўлиб, 132 киши яраланган, улар орасида олти ва саккиз ёшлардаги икки бола ҳам бор.

Украина ҚК ҳаво кучлари расмий вакили Юрий Игнат «Бабел» нашрига маълум қилишича, Россия қўшини зарбалар вақтида «Кинжал» ракеталари, баллистик, зенит ва қанотли ракеталар ҳамда дронларни қўллаган. «Биз ҳеч қачон мониторимизда бир вақтнинг ўзида бу қадар кўп нишонларни кўрмагандик», — деган Игнат. Унинг сўзларига кўра, ҳужум вақтида Россия қўшини 18 та стратегик бомбардимончи самолётлардан фойдаланган.

Киев

Киевга турли турдаги ўнлаб ракеталар билан ҳужум қилинди, улар шаҳарга турли йўналишларда тўлқин бўлиб кирган, деб маълум қилган Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко. Унинг тасдиқлашича, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Киев устида 30 дан ортиқ нишонни уриб туширган. Ёпирилма ракета ҳужуми оқибатида Киевда вайронгарчиликлар ва жабрланганлар қайд этилган.

Попконинг сўзларига кўра, Шевченково районида турар жой биноси шикастланган, гаражлар ҳудудида ёнғин келиб чиққан. Шунингдек, Киев шаҳри мэри «Лукяновская» метро бекати биноси ҳам зарбага учраган. Унинг сўзларига кўра, Шевченково районида омборхоналар шикастланган, харобалар остидан икки кишининг жасади чиқариб олинган. Бундан ташқари, аҳоли яшамайдиган қурилишлар ҳудудида ва ҳали қуриб битказилмаган бизнес марказ биносида ёнғин чиққан.

Подолск районида уч минг квадрат метр майдонни эгаллаган омборлар ҳудудида ёнғин рўй берган, бунинг оқибатида, Попконинг сўзларига кўра, «кўплаб ярадорлар бор». Ўнлаб кишилар харобалар остида қолиб кетган.

Киевнинг Святошинск районида ҳали аҳоли кўчиб кирмаган кўп қаватли бинода ёнғин рўй берган, бошқа жойда тураргоҳга қўйилган учта автомобил ёниб кетиб, бир киши жароҳат олган. Дарницк районида хусусий ва кўп квартирали турар жойлар шикастланган, жабрланганлар ва ёнғин қайд этилмаган.

Украина расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, Киевда икки киши ҳалок бўлган ва камида 28 киши тан жароҳати олган, шундан 25 нафари шифохонага ётқизилган. Украина ИИВ Киев бўйлаб зарбалар оқибатлари акс этган фотосуратларни намойиш этган.

Киев осмонида ракета портлаши
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA