Жаҳон | 10:33 / 03.01.2024
6234
3 дақиқада ўқилади

Туркия денгизда миналарни аниқлаш кемаларининг Украинага боришига рухсат бермаяпти

Монтрё конвенциясига мувофиқ, ҳарбий кемаларнинг Босфор ва Дарданел бўғозларидан ўтиши бўйича якуний қарор Туркия томонидан қабул қилинади.

Фото: Andrew Milligan/PA Wire/empics/picture alliance

Туркия туфайли Украина Буюк Британия томонидан унга берилган иккита миналарни аниқлаш кемасини қабул қила олмаяпти. Анқара ушбу кемаларга ўзининг ҳудудий сувлари орқали Қора денгизга ўтишга рухсат бермайди, деб хабар қилди Туркия президенти матбуот хизмати 2 январ, сешанба куни. 

Акс ҳолда Туркияга тегишли Босфор ва Дарданел бўғозларидан уруш вақтида кемаларнинг ўтишини тартибга солувчи халқаро Монтрё шартномаси бузилади, дейилади баёнотда.

Украина учун Британия миналарни аниқлаш кемалари

2023 йил 11 декабрда Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шэппс Лондонда Қироллик ҳарбий-денгиз флотидан Украина ҲДКга иккита Sandown мина аниқлаш кемасининг берилишини эълон қилди. Ушбу акт Украинага денгиз салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам бериш учун яратилган Буюк Британия ва Норвегия бошчилигидаги «Денгиз салоҳияти бўйича коалиция»нинг бошланишини билдиради.

«Украина иқтисодиётига Россиянинг Қора денгиз блокадаси таъсир қилишда давом этмоқда, у мамлакатнинг денгиз орқали муҳим экспорт товарларини ташиш имкониятини сезиларли даражада камайтирди. Украина Қуролли кучларининг денгиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, хусусан, Россия миналари таҳдидига қарши туриш Украинанинг денгиз экспортини тиклашга ёрдам беради», дея маълум қилди Буюк Британия ҳукумати.

Лондон 11 декабр куни Киевга топширилишини эълон қилган Sandown синфидаги мина аниқлаш кемалари Буюк Британия томонидан Украинага тақдим этилган бундай турдаги биринчи кемалар эмас. 2023 йил июл ойида Британия ҲДК хизматидан чиқарилган HMS Grimsby (M108) ва HMS Shoreham (M112) мина аниқлаш кемалари ҳам УҚКга ўтказилди. Уларга «Черкасси» ва «Чернигов» украинча номлар берилди. 

Ҳарбий кемаларнинг Туркия бўғозларидан ўтиши

2022 йил феврал ойида Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошлаганидан сўнг, Анқара Монтрё конвенциясига мувофиқ Босфор ва Дарданел бўғозларини ҳар икки давлат ҳарбий кемалари учун ёпиб қўйди. Ушбу ҳужжатга кўра, Туркия ҳукумати мамлакат учун можарога киришиш хавфи борлигини кўрса, ҳарбий кемаларнинг Босфор ва Дарданел бўғозларидан ўтишини тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид