АҚШ Ямандаги ҳусийчилар объектларига янги зарба берди
Яман пойтахти Сано ва Ҳодейда шаҳрида, ОАВ хабарларига кўра, портлашлар эшитилган. CNN телеканали хабар беришича, АҚШ зарбани бир томонлама амалга оширган. Пентагон ҳусийчилар радари нишонга олинганини билдирди.
13 январь, шанбага ўтар кечаси Қўшма Штатлар Ямандаги ҳусийчилар позицияларига янги зарбалар берди, АҚШ Мудофаа вазирлиги аввалроқ ОАВда пайдо бўлган тегишли хабарларни тасдиқлади.
Араб ОАВ хабар беришича, Яман пойтахти Сано ва Ҳодейда шаҳрида кетма-кет кучли портлашлар содир бўлган. CNN номи ошкор этилмаган америкалик мулозимга таяниб хабар беришича, Вашингтон бир томонлама равишда «олдинги тундагидан анча кичикроқ миқёсда» қўшимча зарбалар берган. Пентагон аниқлик киритишича, нишон ҳусийчилар томонидан фойдаланилган радар қурилмаси бўлган. Зарба Tomahawk қанотли ракеталари билан амалга оширилган ва жорий ҳужум 12 январда уюштирилган зарбаларнинг давоми бўлиб, «ҳусийчиларнинг денгиз кемаларига ҳужум қилиш қобилиятини камайтириши керак», дея таъкидлаб ўтди АҚШ Мудофаа вазирлиги.
Аввалроқ, 12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Буюк Британия Нидерландия, Канада, Австралия ва Баҳрайн кўмагида Ямандаги ҳусийчилар объектларига йирик ҳужумлар уюштирган эди. АҚШ Мудофаа вазирлиги радар қурилмалари, омборлар ва учувчисиз учиш қурилмалари ва ракеталарни учириш майдончалари ҳамда ҳусийчилар қўмондонлик марказлари нишонда бўлганини билдирди.
Байден Ямандаги ҳусийчиларни террорчи деб ҳисоблайди
АҚШ президенти Жо Байден агар ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатмаса, яна зарбалар беришни буюриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 12 январ куни журналистлар билан суҳбатда Америка етакчиси Яманнинг катта қисмини назорат қилаётган ҳусийчилар террорчи эканлигига ишонишини айтди. «Мен шундай деб ўйлайман», деди Байден уларни террорчи гуруҳ деб аташга тайёрмисиз, деган саволга.
Аввалроқ Оқ уй ҳусийчиларни АҚШ Давлат департаментининг «хорижий террористик ташкилотлар» рўйхатига қайта киритиш имкониятини ўрганаётганини тасдиқлади. Оқ уй миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби бу борада ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини билдирди, деб хабар тарқатди CNN телеканали. Шу билан бирга, 2021 йилда Байден маъмурияти лавозимга киришгач, ҳусийчиларни ушбу рўйхатдан чиқариб ташлаганди.
Америка етакчисининг сўзларига кўра, унинг маъмурияти ҳусийчиларни террорчи ташкилот сифатида тан оладими ёки йўқми, «фарқи йўқ», чунки Қўшма Штатлар ва бошқа давлатлар уларнинг Қизил денгиздаги ҳужумларига ҳар қандай ҳолатда ҳам жавоб бериш ниятида.
Мавзуга оид
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
11:20 / 11.11.2024
АҚШ Ямандаги ҳусийчиларнинг қурол омборларига зарба берди
13:30 / 10.11.2024