Бу йил демократлар графикни бироз ўзгартиришган, аммо республикачилар ярим асрлик анъаналарга содиқ қолишган, унга кўра номзодларнинг илк сайлови 15 январ куни айнан Айовада ўтказилади.

Айовада кокус (номзодларни танлаш жараёни)республикачилар ва демократлар учун турлича ўтказилади. 2020 йилда демократлар процедурани ўзгартиришган: номзод почта орқали танланади ва кейин натижалар эълон қилинади.

Республикачилар эса олдиндан бўлиб келгани каби душанба куни кечқурун ҳар бир участкада йиғилишлар ўтказади (одатда мактаб, жамоат маркази ёки шунга ўхшаш бошқа жойлар). Овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчилар аввалига номзодларни муҳокама қилади, кейин эса ўз фаворитининг фамилиясини қоғозга ёзиб, уни йиғилиш раисига узатади. Раис эса овозларни ҳисоблайди ва натижаларни партиянинг штатдаги офисига юборади, у ерда бир неча соат ичида овозлар ҳисоблаб чиқилиб, натижалар эълон қилинади.

Партиянинг президентликка номзоди танланадиган Республикачилар миллий қурултойига Айова штатидан 40 нафар делегат боради.

Трамп етакчилик қилмоқда

Дам олиш кунларида Айовадаги бар ва ресторанлардаги телевизорларнинг экранларида деярли узлуксиз сиёсий баёнотлар берилиши бошланди, ҳовлиларда ва деразаларда ташвиқот плакатлари пайдо бўлди.

Сайловчи республикачиларни биринчи навбатда чегара хавфсизлиги ва иқтисодиёт масалалари ташвишлантирмоқда. Номзодлик учун пойгада собиқ президент Доналд Трамп етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўрин учун жиддий рақобат мавжуд: сўровларга кўра, БМТдаги собиқ элчи Никки Ҳейли ва Флорида губернатори Рон ДеСантис қарийб тенг кетмоқда, лекин сўнгги сўровнома Ҳейли ДеСантисни бироз ортда қолдира бошлаганини кўрсатган — 16 фоизга қарши 20.

Des Moines Register/NBC News/MediaCom ўтказган сўровга кўра, кокусда иштирок этишни ният қилганлардан 48 фоизи Трамп учун овоз беришга тайёр, 20 фоизи Жанубий Каролинанинг собиқ губернатори ва АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Ҳейлини, 16 фоизи — Флорида губернатори Рон ДеСантисни қўлламоқчи, қолган номзодларнинг рейтинги 10 фоиздан ошмайди.

DMR/NBC декабр ойида ўтказган сўровга кўра, Трамп 51 фоиз овоз олганди, октябр ойида эса — 43 фоиз, бу вақтда унинг асосий рақиблари 20 фоиз ҳам тўпламаганди.

«Мен Трамп устун келишига деярли аминман, чунки мен билан гаплашганларнинг аксари унга овоз бермоқчи», — дейди Айовада ҳафта давомида иккинчи бор ёққан қорни кураш асносида Жо Ван Гинкел.

Ван Гинкел — Республикачилар партиясининг округдаги вакили бўлиб, партиянинг бошқа кўплаб маҳаллий арбоблари қаторида Трампни қўллаб-қувватлайди.