14 январ куни кечқурун украин нашрлари Украина ҚК ҳаво кучлари Азов денгизи устида Россиянинг А-50 русумли разведкачи самолётини уриб тушириб, Ил-22М11 ҳаво қўмондонлик пунктига зарба бергани ҳақида хабар тарқатди. Журналистлар украин қуролли кучларидаги манбаларига ҳавола беришган. Hromadske телеканали бу маълумот Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси томонидан тасдиқланганини маълум қилган. Кейинроқ Украина ҚК бош қўмондони Азов денгизи узра Россияга тегишли А-50 ҳамда Ил-22 ҳаво қўмондонлик пункти бўлган самолётлар уриб туширилганини маълум қилди. У Ҳаво кучларига «Азов ҳудудидаги мукаммал режалаштирилган ва амалга оширилган амалиёт учун» миннатдорчилик билдирди.
Украин нашрларига кўра, А-50 томон зарба маҳаллий вақт билан 14 январ куни соат 21:10–21:15 атрофида (Москва вақти билан 22:10-22:15) Запорижжя области Кирилловка посёлкаси атрофидан туриб йўлланган. Шундан кейин самолёт радарлардан йўқолган ва тактик авиация сўровларига реакция қилишни тўхтатган. Ил-22М11 эса тахминан соат 21:00 атрофида Херсон областининг Стрелкове қишлоғи ҳудудида зарбага учраган. «РБК-Украина» нашри Ил-22М учувчисининг Краснодар ўлкаси Анапа шаҳридаги аэродром диспетчери билан мулоқот аудиоёзувини эълон қилган, унда учувчи қўниш йўлагига тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналари чақиришни сўрагани акс этган.
А-50 — советлар даврида ишлаб чиқарила бошлаган самолёт бўлиб, узоқ радиолокацион аниқлаш ва бошқариш тизимига эга. Битта шундай самолёт нархи 330 миллион долларга баҳоланади. Бу модел Бериев номидаги Таганрог авиация илмий-техника комплексида «Вега-М» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда асбоблар ишлаб чиқариш илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида Ил-76 оғир транспорт самолёти базасида ясалган. У ҳаводаги, сув юзасидаги ва ер устидаги нишонларни аниқлаши (бир вақтнинг ўзида 60 тагача), улар томон қирувчи самолётлар ёки авиация фронтовикларини йўналтириши мумкин. РФ Ҳаво-космик кучлари ихтиёрида қанча А-50 борлиги номаълум. Military Watch Magazine маълумотига кўра, 2023 йилда Россия А-50 русумли самолётлардан учтасига ва унинг модификация варианти бўлган еттита А-50У самолётига эгалик қилган. 2023 йил бошида Forbes Россия қўшинларида тўққизта А-50 борлигини ёзганди. 2023 йил сентябрида «Ростех» Россия армиясига яна битта шундай самолёт етказиб берган.
Ил-22 — ҳаво қўмондонлик пункти бўлиб, қўшинларни бошқариш учун мўлжалланган. Буюк Британия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Россия қуролли кучларида бундай самолётлардан кўпи билан 12 та бор.
Россия мудофаа вазирлиги украин нашрлари ва ҳарбийларининг сўнгги баёнотлари юзасидан изоҳ бермади. Аммо самолётлардан бири уриб туширилгани, бошқаси эса зарбага учрагани тўғрисидаги маълумотни россиялик ҳарбий мухбирлар ва ҳарбий соҳага ихтисослашган блогерлар тасдиқлашган. Шу билан бирга, уларнинг қайд этишича, Ил-22 самолёти шикастланганига қарамай ерга қўнишга муваффақ бўлган.



















