Жаҳон | 11:08 / 19.01.2024
7157
4 дақиқада ўқилади

НАТО ҳарбий қўмитаси Украинадаги уруш бўйича: мўъжиза кутмаяпмиз

НАТО фронтдаги вазиятга пессимистик баҳо бермасликка чақирди, аммо мўъжизаларни кутмаётгани ҳақида огоҳлантирди. Россиянинг Украинага қилган сўнгги ҳужумлари самарали эмас, аммо Россияда «миқдор сифатга айланиши мумкин».

Фото: AP

Шимолий Атлантика алянси давлатларининг олий ҳарбий раҳбарлари Украинадаги вазиятни батафсил ўрганиб чиқди. «Дунё 2023 йилда жуда оптимистик бўлган бўлиши мумкин. 2024 йилда жуда пессимистик бўлмаслик муҳим», деди НАТО Ҳарбий қўмитаси раиси Роб Бауэр 18 январ, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унинг таъкидлашича, Россия ҳам, Украина ҳам «ҳозир вазият у ёки бу йўналишда унчалик силжимайдиган босқичда», у яқин келажакда «икки томондан ҳам мўъжиза кутмаслигимиз керак» деб огоҳлантирди. Россиянинг Украинага қилган сўнгги ҳужумлари ҳалокатли бўлишига қарамай, улар ҳарбий жиҳатдан самарали эмас ва руслар ўзларининг ҳеч қандай стратегик мақсадларига эриша олмади, деди у.

Россия қўшинларидаги аралаш ҳолат

НАТО маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида Россиядан Украинага ўтказилган қуруқликдаги қўшинлар сони кўпайган, аммо уларнинг тайёргарлик даражаси пасайган. «Улар жуда кўп танклар, зирҳли техникалар, самолётлар, вертолётларни йўқотди. Уларнинг бир қисмини қайта тикламоқда, лекин бу эски ёки эскирган моделлар ёки захирадаги жиҳозлар», - деди Бауэр.

Шу билан бирга, Россиянинг ракета салоҳияти, алянсга кўра, КХДР ва, эҳтимол, Эрондан ишлаб чиқариш ва етказиб беришнинг кўпайиши ҳисобига ўсиб бормоқда. «Биз улар Эрондан ракета олишини кутяпмиз, - деди Ҳарбий қўмита раҳбари, - Албатта, улар Эрондан дрон ва уларни ишлаб чиқариш технологиясини ҳам олди. Россия ҳарбий-ҳаво кучлари, денгиз флоти, космик ва киберимкониятларига келсак, йўқотишларга қарамай, улар ҳали ҳам жанговар ҳолатда».

Алянснинг фикрича, Россия ҳарбий салоҳиятини тиклашга санкциялар, молиявий муаммолар ва замонавий қуролларни ишлаб чиқариш қувватлари етарли эмаслиги тўсқинлик қилмоқда. «Аммо, артиллерия ва эски танклар ишлаб чиқариш борасида улар анча яхши ишламоқда. Шунинг учун, менимча, миқдор сифатга айланади», - дея хулоса қилди Бауэр.

Ўз навбатида, НАТОнинг Европадаги иттифоқчи қўшинлари олий қўмондони, генерал Кристофер Каволи Россия ўз бюджетининг катта қисмини ҳарбий эҳтиёжлар учун ажратаётгани ва мудофаа саноат базасини «иложи борича тезроқ» ишга тушираётганини таъкидлади.

Украинанинг жанг майдонидаги ютуқлари

Шу билан бирга, Брюссел Украинанинг ҳарбий муваффақиятларини, жумладан, Россиянинг 300 минг ҳалок бўлган ва яраланган аскарини, минглаб йўқ қилинган рус танклари ва зирҳли техникасини, шунингдек, юзлаб самолётларини санаб ўтди. «Украиналиклар ўз ерларининг салмоқли қисмини озод қилишга муваффақ бўлди, русларни уруш бошида эгаллаб олган ҳудудлари қарийб 50 фоизидан орқага суришга эришди, - деди Бауэр. - Яна бир афзаллиги шундаки, украиналиклар чуқур зарба бера олди. Украина ҳақиқий ҳарбий-денгиз флотисиз Россия Қора денгиз флотини сиқиб чиқариб, «дон йўлаги»ни очишга муваффақ бўлгани яна бир улкан муваффақиятдир».

НАТО Ҳарбий қўмитаси раҳбари сўзларига кўра, унинг барча ҳамкасблари «украиналик биродарлари ва опа-сингилларини» ҳимоя қилишда қатъийликларини тасдиқлаган. «Бу хайрия эмас, - деди у. - Украинани қўллаб-қувватлаш бизнинг хавфсизлигимиз учун тўғридан тўғри сармоядир».

17 ва 18 январ кунлари Брюсселда НАТОнинг юқори мартабали ҳарбий раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид