АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонга қиймати тахминан 425 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдами етказиб берди.

Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси хабарига кўра, 6,5 млн порция озиқ-овқатдан иборат бу ёрдам сил ва руҳий касалликлар билан оғриган беморлар, ногирон болалар ва қарияларни қўллаб-қувватловчи 120 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларига тарқатилади.

«Ушбу дастур Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида озиқланишни яхшилаш ва аҳолининг энг заиф қатламларини тўйимли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича мустаҳкам, давомий ҳамкорликни намойиш этади», деди USAID Ўзбекистон миссияси директори Дэвид Ҳофман маҳсулотларни топшириш маросимидаги нутқида.

Қайд қилинишича, 2010 йилдан бери USAID Озиқ-овқат ёрдами халқаро ҳамкорлик дастури орқали ўз ҳамкорлари ва Тошкентдаги «Соғлом авлод учун» нотижорат ташкилоти орқали Ўзбекистонга умумий қиймати 4,4 миллион доллардан ортиқ бўлган 1500 тоннадан ортиқ озиқ-овқат етказиб берган.

Ўзбекистонга янги инсонпарварлик ёрдами Қўшма Штатларнинг мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган узоқ муддатли сармоялари бўйича 122 миллион доллардан кўпроқ ва сўнгги 20 йил ичида жами 1 миллиард доллардан ортиқ ёрдамнинг бир қисми ҳисобланади.