1937 йилда СССРда мисли кўрилмаган қатағонлар бошланади. Юқори амалдаги айрим раҳбарлардан тортиб, олис ҳудудларда ўз ишини бажариб юрган оддий одамларгача раҳм қилинмайди.

Исталган одамни ҳибсга олиш, сўнг суд ёки махсус белгиланган “Тройка” ҳукми билан қамоққа жўнатиш учун кимнингдир ғаразли чақуви етарли эди.

Ўша пайтда НКВД ходимлари одамларни қамоққа олиш учун халқ тилида “Эмка” деб аталувчи машинада боришарди. Шу сабабли бу машина кўринишиданоқ ҳаммани қўрқувга соларди.

Шаҳар ва қишлоқ жойларида одамларнинг кўзи “Эмка”га тушар экан, “Яна қайси бечоранинг бошига кўргулик тушган бўлса? Кимни олиб кетиш учун боришаётган бўлса?” деб ўйлашарди.

Хўш, Сталин даврида барчани қўрқувга солган бу машина тарихи қандай? Уни нега “Эмка” деб аташган? Қуйида зулм салтанатининг асосий жазо органи бўлган НКВДга хизмат қилган қўрқинчли машина тарихи ҳақида сўз юритамиз.

М-1 машинаси

Эмка” тарихи ва Молотов

“Эмка” – рус тилида М ҳарфининг эркаловчи қисқартмаси бўлиб, у 1930-40 йилларда СССРда ишлаб чиқарилган М-1 машинасининг норасмий номи эди.

Машинага бундай ном берилишига асл фамилияси Скрябин бўлган Вячеслав Молотов сабабчи бўлган.

1930-йилларда СССРда Сталиндан кейин иккинчи муҳим шахс Молотов эди ва у ҳукумат раҳбари (Совнарком раиси) сифатида барча соҳалар каби автомобилсозлик саноатига ҳам масъул бўлган.

Ўша пайтда кўплаб шаҳарлар, корхоналар ва бошқа турли объектлар Сталин ва Ленин номлари билан бирга Молотов номи билан ҳам аталарди.

Жумладан, “Эмка” ишлаб чиқарилган Горкий шаҳридаги (Ҳозирги Нижний Новгород) автомобил заводига ҳам Молотов номи қўйилган.

М-1 машиналарининг тарихи 1929 йилга бориб тақалади. Ўша йили СССР ва АҚШ ўртасида саноат корхоналарини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланади.

Ана шу келишув асосида 1932 йилда Ford Motor Company советларга ўзининг энг оммабоп моделларидан бири Ford Model B 40A Fordor Sedan (қисқача номи Ford B) машинасини ишлаб чиқаришга рухсат беради.

Шундан сўнг Горкийда Ford B автомобилларини ишлаб чиқарувчи янги завод қурилади ва унга Молотов номи берилади.