Cамарқанд вилоятида электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш учун Туркиянинг Aksa компаниясига бериш юзасидан президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда келтирилишича, бу лойиҳадан кўзланган асосий мақсадлар қуйидагича:

  • хусусий операторни жалб этиш орқали давлат харажатларини камайтириш ва иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш;

  • истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш ва хизмат сифатини ошириш;

  • Самарқанд вилояти электр энергиясини тақсимлаш тармоқларида йиллик энергия йўқотишларини камайтириш: техник аудит натижаларига кўра аниқланган йўқотиш 20–25 фоиз оралиғида бўлганда, лойиҳани амалга ошириш даврида уни ҳар йили 1,4 фоизга, 15–20 фоиз оралиғида бўлганда эса ҳар йили 0,6 фоизга пасайтириш.

Ўтказилган халқаро тендер натижаларига кўра, “Самарқанд вилоятида электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш” лойиҳасини молиялаштириш, қуриш, бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш бўйича “AKSA Elektrik Perakende Satış A.Ş.” (Туркия) компанияси тендер ғолиби деб топилган.

Тендер ғолиби Ўзбекистонда “AKSA Samarqand Electricity Distribution” МЧЖ (хусусий шерик)ни таъсис этган.

Инвестиция киритиш мажбуриятлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда тендер ғолиби номидан хусусий шерик ўртасида 2026 йил 29 январда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим имзоланган. Унга мувофиқ, тендер ғолиби ва хусусий шерик Самарқанд вилоятида лойиҳа муддатининг дастлабки 12 йили давомида 357 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри инвестиция жалб этиш мажбуриятини олган.

2026 йил 29 январда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (давлат шериги) ва хусусий шерик ўртасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ҳам имзоланган. Унга кўра, хусусий шерик:

  • Самарқанд вилоятида электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини истеъмолчиларни улаш учун кенгайтириш, қувватларни ошириш, инвестициялар киритиш, модернизация ва реконструкция қилиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш мажбуриятини олади;