Ўзбекистон | 13:19 / 12.03.2024
7514
2 дақиқада ўқилади

Мактабларга компютерлар харид қилишда салкам 1 млрд сўм талон-торож қилингани маълум бўлди

2021-2022 йилларда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси томонидан 919,4 млн сўм талон-торож қилиниши натижасида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида харид қилинган электрон воситалар жойларга етиб бормаган.

Фото: Kun.uz

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси томонидан 2021-2022 йиллар мобайнида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида республика бюджети ҳисобидан харид қилинган компютер ва бошқа воситалар Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларига етказиб берилиши керак бўлган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўра, етказиб берилган компютерларнинг техник хусусиятлари ўрганилганида шартномада кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилмагани аниқланган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бориб, бир нечта ҳолатларни аниқлаган.

Унга кўра, “Ўқув таълим-таъминот” ДМ ва “Smart Sales Leader” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан, жамият томонидан етказиб берилиши лозим бўлган қўшимча электрон воситалар етказиб берилмаган ва жами 919 млн 360 минг сўм миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан бошқарма томонидан “Ўқув таълим-таъминот” ДМ ва “Smart Sales Leader” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 205-моддаси 2-қисми “а” банди (ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўз изоҳида бу 2021 йилдаги ҳолат эканига эътибор қаратди. Вазирликнинг эслатишича, 2021 йил охирида Халқ таълими вазирлиги ўрнига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил этилган. “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси тугатилиб, “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК ташкил этилган.

Мавзуга оид