Жаҳон | 15:09 / 20.03.2024
3008
3 дақиқада ўқилади

«Рамштайн»: Германия Киевга 500 млн евро ҳарбий ёрдам ажратади

Берлин Киевга Бундесвер арсеналидан 10 мингта снаряд ва 100 та зирҳли пиёда техникасини топширади, деди Германия мудофаа вазири Писториус. Пентагоннинг фикрича, Россия Украина билан чекланиб қолмайди. 

Фото: Michael Probst/AP/picture alliance

Германия Украинага 500 миллион евро миқдорида янги ҳарбий ёрдам пакетини тузди. Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Борис Писториус 19 март, сешанба куни Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича контакт гуруҳининг «Рамштайн» форматидаги навбатдаги йиғилиши чоғида маълум қилди. 

Хусусан, Берлин Украина ҳарбийларига Германия қуролли кучлари (Бундесвер) захирасидан кечиктирмасдан етказиб берилиши мумкин бўлган 10 мингта ўқ-дориларни топширади. Бундан ташқари, Германия Украина армияси учун яна 180 минг снаряд сотиб олиш учун пул тўлайди, шунингдек, 100 мингта 155 мм снарядлар ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузди, дея қўшимча қилди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари. Пакет доирасида Бундесвер Киевга 100 та зирҳли пиёда машинаси, 100 та логистика машинаси ва эҳтиёт қисмларини етказиб беради.

Писториус немис ҳарбийларини Украинага юбориш эҳтимоли масаласини эътибордан четда қолдирмади. Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари таъкидлаганидек, у аввалроқ бундай қадам истисно қилинганини айтган канцлер Олаф Шолцнинг позициясига ҳеч нарса қўшимча қила олмайди.

Пентагон: Киевга ёрдам бериш умумий хавфсизликка ҳисса қўшиш демакдир

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин, ўз навбатида, Украинанинг мудофаа харажатлари «умумий хавфсизлигимизга сармоядир» деди. «Ўзимизни алдамайлик. Россия Украина билан чекланиб қолмайди», - дея қўшимча қилди Пентагон раҳбари.

«Россия императорлик орзулари учун даҳшатли баҳони тўлади», деди Остин. Аммо, агар «биз Украинани қўллаб-қувватласак ва уни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қурол-яроғ билан таъминласак», Киев Россияни тўхтатиб қўйишга қодир, деди АҚШ Мудофаа вазирлиги раҳбари. «Эркин дунё Украинанинг мағлубиятга учрашига йўл қўймайди», - дея хулоса қилди у.

Украинага ёрдам ҳажми

Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича контакт гуруҳининг йиғилишлари Германиянинг Рейнланд-Пфалц федерал еридаги Рамштайн АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари базасида 2022 йилнинг апрелидан буён бўлиб ўтмоқда. Германиянинг Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (IfW) маълумотларига кўра, январ ойи ўрталарига келиб АҚШ Украинага ҳарбий, гуманитар ва бошқа ёрдам учун 67,7 миллиард евро, Германияга 22,05 миллиард, Британия 15,66 миллиард евро ажратган. Европа Иттифоқи мамлакатларида бу кўрсаткич 144,1 миллиард еврони ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид