Украина Россиянинг энг қиммат дронларидан бирини уриб туширганини маълум қилди
Россиянинг «Форпост» учувчисиз учоғи Қора денгиз узра йўқ қилинди, дея хабар берди Украина ҳарбийлари. Унинг қиймати 7 миллион долларга баҳоланади.
Украина ҳарбийлари Россиянинг «Форпост» ҳужумкор-разведкачи учувчисиз учиш аппаратини (УУА) йўқ қилди, деб хабар берди «Юг» ҳаво қўмондонлиги Facebook’да 1 апрел, душанба куни. Дрон Қора денгиз акваториясида Одесса зенит-ракета бригадаси томонидан уриб туширилган.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлиги спикери Иля Евлаш Украина телемафонида «Форпост» учувчисиз учоғи РФ ҚКда хизматда бўлган энг қиммат қурилмалардан бири эканини, унинг нархи 7 миллион долларга баҳоланишини айтди.
Унинг сўзларига кўра, бу анча катта дрон бўлиб, у разведка ишларини олиб бориши, шунингдек, ердаги нишонларни уриш учун иккита ракета ёки бошқа қурол кўринишидаги қўшимча жанговар юкни олиб юриши мумкин.
Россия армияси разведкачи дронлардан фаол фойдаланмоқда
Украина жануби мудофаа кучлари матбуот котиби Наталя Гуменюкнинг айтишича, Россия ҳарбийлари А-50 узоқ масофага учувчи радиолокацион разведка самолётлари етишмаслигини қоплаш учун разведкачи дронлардан тобора кўпроқ фойдалана бошлаган.
«Агар ўтган кун давомида биз Одесса вилоятидан Запорижжягача бўлган масъулият зонамизда 200 дан ортиқ разведка учувчисиз учоқларини кузатган бўлсак, бугунги кунда улар бироз камроқ эди. Аммо душман разведка ишларини давом эттирмоқда ва аниқки, ҳавода А-50’нинг ўрнини айнан шу тарзда қоплаш керак», деди у телемарафонда.
Зеленский: Дронлар урушда «ҳал қилувчи сўзлардан бирини» айтади
Украина президенти Володимир Зеленский ватандошларига кечки видеомурожаатида мамлакатда дрон ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
«Уруш талаб қиладиган нарсани ҳарбий-саноат комплексимиз ишлаб чиқариши керак - қанча керак бўлса, шунча, ўз вақтида, керак бўлганда. Шубҳасиз, бу урушда дронлар ғалаба учун ҳал қилувчи сўзлардан бирини айтади ва бу Украина сўзи, Украина дронлари, Украина ғалабаси бўлиши керак», деди Зеленский.
Мавзуга оид
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
14:14 / 12.11.2024