Қаҳрамон Сулаймонов Тошкент шаҳар ФВБ ёнғин қутқарув отряди қутқарувчиси, 8 йилдан бери шу соҳада ишлаб келади. У қутқарувчилик қийин касблиги, буни билиб туриб ўзи шу касбни танлаганини таъкидлайди.

“Қўрқув ҳам бўлган, кетиб қолмоқчи ҳам бўлганман. Бундан олдин бошқа жойларда ишлаганман, акаларим ғаввос бўлиб ишлагани учун уларга ҳавас қилиб, шу ишни танлаганман. 8 йилдан бери ишлаяпман, олдинги ишларимга қараганда масъулиятлироқ ва савоблироқ”, дейди у.

Қаҳрамон Сулаймонов, қутқарувчи ғаввос

Пойтахт ФВБ қутқарувчиси Боуржон Туронбеков илк ишини Миллий боғдаги каналда қидирув ишларидан бошлаганман дея хотирлайди:

“Сув тагида анча юрганман, ўлик олдимдан чиқиб қолган, қўлим тегиб кетгач, кучли қўрқув пайдо бўлган, ўзимни йўқотиб қўйганман. Ўн сония “музлаб” қолганман. Ўзимга келиб олиб, жасадни олиб чиққач, нақадар қийин касб танлаганимни ҳис қилганман. Ҳафта-ўн кун ўзимга келолмай юрганман, ўзимдан ўтганини ўзим биламан”, дейди Боуржон Туронбеков.

Баҳодир Мадалиев ФВВ махсус вазифалар бўйича Республика қутқарув марказида сувда қутқарув отряди қутқарувчиси, 2005 йилдан буён ғаввослик билан шуғулланиб келади. Унинг таъкидлашича, қидирув ишларида бир киши иши эмас, жамоавий бўлиб ишланади. Йил давомида 8-10 нафар чўкиб кетган одамларни сув остидан олиб чиқади.

Баҳодир Мадалиев, қутқарувчи ғаввос

Саидаҳмад Набиев 19 йилдан бери шу соҳада. Байрамларда, оилавий тадбирларда ҳам иш бўлиб қолиши, қишда совуқ, ёзда иссиқ демасдан, хавфли жойларга чақирувларга чиқишини айтади.

“Тошкент шаҳридаги сувлар — оқар сувлар. Бундай сувда тик туриб бўлмайди, босим билан айлантириб оқизиши мумкин. Шунинг учун сувга қарама-қарши ётган ҳолатда пайпаслаб ишланади. Сомон ичидан нина қидиргандек худди. Ҳар хил ўткир буюмлар бўлади, кесиб олиши мумкин”, дейди ғаввос Саидаҳмад Набиев.

Саидаҳмад Набиев, қутқарувчи ғаввос