Ўзбекистон | 22:14 / 20.05.2024
6683
6 дақиқада ўқилади

20 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар 

Эрон халқига таъзиянома, Фарғона ва Самарқандда дўппосланган мактаб ўқувчилари ва Ангренда қулаган вагонлар — Ўзбекистонда 20 май куни юз берган муҳим ва шов-шувли воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликлар шарҳи билан таништирамиз. 

Эрон халқига таъзиянома

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Эрон шимолида юз берган фожиа оқибатида Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафот этгани муносабати билан ушбу мамлакат олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаийга ҳамдардлик билдирди.

Йўлланган таъзияномада Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Иброҳим Раисийнинг ёрқин хотираси халқлар қалбларида доимий сақланиб қолиши таъкидланган.

Давлат раҳбари дўст Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этган. 

Намангандаги гуллар фестивали

Наманганда анъанавий 63-халқаро гуллар фестивали автомобиллар паради билан бошланди.

Наманган халқаро аэропортидан то Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғигача бўлган 10 километрдан ортиқ масофани гуллар билан безатилган турли русумдаги 200 дан ортиқ автомобиллар босиб ўтди.

Жорий йил 23 июнга қадар давом этадиган фестивалга 6 миллиондан ортиқ меҳмонлар, жумладан, 200 мингдан ортиқ хорижий сайёҳлар буюриши кутилмоқда. 

Ангренда вагонлар қулади

Ижтимоий тармоқларда 7 та юк вагони релсдан чиқиб кетиб қулаб ётгани ҳақидаги видео тарқалди.

«Ўзбекистон темирйўллари» ҳолат юзасидан изоҳ берди. Унга кўра, воқеа 2024 йил 18 май куни «Ўзбекистон темирйўллари» АЖга эмас, балки «Чирчиқ савдо барака» МЧЖга тегишли бўлган шохобча темирйўлида содир бўлган. BN Grain and oil group МЧЖ ходимлари вагонлардан юк тушириш вақтида темирйўл қурилмаси «лебёдка» ишлаш технологиясига риоя қилмаган.

Мазкур юк вагонларини тушириш вақтида зарур хавфсизлик техникасига риоя қилмасдан ташкилот ходимлари лебёдка ёрдамида вагонларни тортиб олишга уринган, қурилмадан трос узилиб, вагонлар ҳаракатлана бошлаган.

Вазият давомида BN Grain and oil group МЧЖ ходимлари вагонлар ҳаракатини тўхтатишга уриниб кўрган ва натижада иккита вагон ғилдиракларидан бутунлай чиқиб кетган, яна бешта вагон ён томонга ағдарилиб кетган. 

Хорижга меҳнат шартномалари

Ўзбекистон элчиси Нодир Турғунов Саудия Арабистонининг Kdot Partners компанияси ижрочи директори Файсал ал-Довуд билан учрашув ўтказди.

Файсал ал-Довуд икки давлат ўртасида алоқалар барча жабҳаларда ривожланиб бораётганини, саудиялик ишбилармон доира вакилларининг Ўзбекистонга инвестиция киритишга қизиқиши ортганини таъкидлади. Унга кўра, компания Ўзбекистондан хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, техниклар ва ҳамшираларни ишга жалб этишга эътибор қаратмоқда.

«Ушбу соҳа мутахассисларига Саудия Арабистонида талаб жуда юқори. Шуни инобатга олиб биз ўзбек томони билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан манфаатдормиз», деган у.

Россиянинг Ставропол ўлкасидаги қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланадиган «Нежинское» акциядорлик жамияти раҳбари Евгений Коломицев билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Коломицевга кўра, ташкилотнинг иссиқхоналарида бодринг ва помидор маҳсулотлари етиштирилади. У корхона фаолияти, хорижий ишчилар учун яратиб берилган шарт-шароитлар, ойлик маошлари тўғрисида маълумот берди. Корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажми ошаётганлиги сабабли 50 нафар Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш имконияти мавжудлигини билдирди. 

Мактаблардаги зўравонликлар

Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаби директори дарс вақтида 7-синф ўқувчисидан бошидаги «вандамка»ни ечишни талаб қилиб, рад жавоби олгач уни дўппослаган. Ҳолат Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганилаётгани маълум қилинди.

Самарқандда ўқувчи севги изҳор қилгани сабаб «самосуд» қилинди

Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманидаги 6-синф ўқувчисига севги изҳор қилган 20-мактабнинг 9-синф ўқувчиси бўлган йигитча қизалоқнинг акаси томонидан «самосуд» қилинган.

Ака 15 май куни болани ўз уйининг ичига олиб кириб, унга тан жароҳати етказган. Шунингдек, эркак гўёки боланинг таъзирини бериш мақсадида боланинг сочини қайчи билан олган ва қошини куйдириб, уйидан чиқариб юборган. Ҳолат юзасидан қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 

Kun.uz — 2023 йилнинг энг яхши бренди

Kun.uz интернет нашри «МАКОН» маркетинг форумида оммавий ахборот воситалари орасида «Йил бренди» номинациясига муносиб деб топилди.

Йил бренди бу – Ўзбекистон халқи ва турли соҳаларнинг етакчи мутахассислари фикрига кўра, товарлар ва хизматларнинг энг оммабоп тоифалари бўйича Ўзбекистоннинг энг яхши брендларига бериладиган мукофотдир. Унда Ўзбекистондаги етакчи ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрсатувчилар ва оммавий ахборот воситалари орасидан етакчи брендлар аниқланади.

Форумнинг «ОАВ ва реклама. Интернет нашрлари» йўналишида Kun.uz интернет нашри истеъмолчилар берган овозлар ҳисобида энг юқори натижани қайд этди ва «Йил бренди-2023» мукофотини қўлга киритди. 

Об-ҳаво маълумоти

Ўзбекистонда янги ҳафта ўртасидан яна ёмғирли об-ҳаво кутилмоқда. Юртимиз бўйлаб чоршанбагача қуруқ об-ҳаво кузатилади, ҳарорат +24...+29 даражагача кўтарилади.

23–24 майда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради.

Ушбу кунларда ҳарорат кўтарилади ва ҳафтанинг ўртасига келиб +24...+29 даража, жанубда +30...+32 даражага етади.

22−23 май кунлари чўл ҳудудларда, 24 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 20−24 май кунлар вақти-вақти билан ёмғир ёғади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши сақланиб туради.

Мавзуга оид