“Маҳаллаларда аҳоли муаммоларини аниқлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
“Маҳалла еттилиги” томонидан аҳолининг муаммоларини аниқлаш бўйича ягона саволнома тасдиқланади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2024 йил 1 июндан бошлаб:
а) “маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан:
ягона саволнома асосида фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш тизими жорий этилади;
фуқароларни бирламчи ўрганиш жараёнида фақат ягона саволномадан фойдаланилади;
б) ягона саволнома асосида аниқланган бирламчи муаммоларни “маҳалла еттилиги” вакиллари ўзларининг идоравий саволномасидан фойдаланиб, атрофлича ўрганиш ишларини ташкил қилинади;
в) ягона саволнома асосида фуқароларнинг аниқланган муаммолари “маҳалла еттилиги” вакилларининг электрон платформаларига аҳоли билан индивидуал тартибда ишлаш учун буюртма сифатида шакллантирилади.
Бунда, буюртмани “маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланади;
г) фуқароларнинг ягона саволнома асосида аниқланган ҳамда “маҳалла еттилиги” вакилларига ҳал этиш учун йўналтирилган муаммоларини кўриб чиқиш ва натижаларини электрон ахборот тизимига киритиш муддати ўн кун этиб белгиланади.
Белгиланишича:
а) “маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан, қуйидаги ҳолатларда ягона саволномадан фойдаланиб, фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларга ижтимоий-иқтисодий ёрдам (хизмат) кўрсатиш ишлари ташкил қилинади:
фуқаронинг мурожаати асосида;
уйма-уй юриш орқали;
бошқа фуқаролар томонидан шахснинг ижтимоий-иқтисодий ёрдам (хизмат)га муҳтожлиги тўғрисида хабар берилганда;
б) ягона саволнома:
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан “Рақамли маҳалла” платформасида юритилади;
“маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан фойдаланиладиган мавжуд электрон платформалар “Рақамли маҳалла” платформаси билан ўзаро интеграция қилинади;
в) ягона саволномага Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Солиқ қўмитаси, Ёшлар ишлар агентлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига қўшма келишувга асосан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади;
















