«Ҳуқуқий ахборот» каналида маълум қилинишича, фармонга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда «Яшил лот» тизими йўлга қўйилади.

Тизим доирасида Экология қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мавжуд ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида, ном бериш орқали яшил боғ барпо этиш учун ажратиш ҳуқуқи берилади.

Ушбу ҳудудлардан фақат белгиланган мақсадда фойдаланиш мумкин бўлади. Улар жисмоний ва юридик шахсларга мулк сифатида ўтказилмайди. Боғларда қурилиш қилиш, конструкциялар ўрнатиш ва бошқа фаолият турларини олиб бориш тақиқланади. Аҳолининг бу ҳудудлардан умумий фойдаланиши чекланмайди.

Шунингдек, 2026 йил куз мавсумидан ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп квартирали уйлар оралиғида, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида маҳалла микроўрмонлари ташкил этилади. Бунда 200–1 000 квадрат метр майдоннинг ҳар бир квадрат метрига камида иккита дарахт ва бута кўчати қатламлаб, зич экилади.

Микроўрмонларни маҳаллий ҳокимликлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўрмон агентлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда барпо этади.

Ер ажратиш имконияти бўлмаган ёки бетон ва асфальт қопламали ҳудудларда эса жамоатчилик кичик боғлари ташкил этилади. Бунинг учун маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар катта ҳажмли кўчат тувакларини ўрнатади, Ўрмон агентлиги сифатли кўчатлар етказиб беради. Маҳаллалар хоҳиш билдирган фуқаролар иштирокида кўчат экиш ва парваришлаш ишларини ташкил этади.